Автоишлаб чиқарувчилар бўлмиш Қозоғистон ва Ўзбекистон нафақат рақобатчилар, балким ҳамкорлар бўлиши ҳам мумкин. Қозоғистондаги ОАВда ҳар икки мамлакат автосаноати солиштирилиб, айни пайтдаги вазият ва истиқболлар ҳақида фикр юритилди.

Марказий Осиёда автомобиль саноати Қозоғистон ва Ўзбекистонда мавжуд. Шу сабабли Осиё бозорлари учун асосий кураш минтақанинг шу икки давлати ўртасида бўлиб ўтади. Республикалардаги бу соҳа нечоғлик муваффақиятли эканлиги ўрганишга лойиқ масала. Боз устига, Тошкентга ҳам, Остонага ҳам бу соҳада бир бирига кўрсатиши мумкин бўлган нарсалар бисёр.

Ўзбекистон автосаноатидан нималарни ўрганиш мумкин?

Биринчидан — узоқ муддатли режалаштириш омили. Ўзбекистонда автомобилсозлик саноати ўзи алоҳида соҳа қилиб ажратилган ва стратегик муҳим соҳа статусига эга. Шу сабабли Тошкент бугун автомобилсозлик саноатини 2030 йилгача ривожлантириш стратегиясини амалга оширмоқда.

Қозоғистонда автосаноат янада кенг миқёсли лойиҳаларга интеграция қилинган. Агар у аввалига 2010–2014 йилларда машинасозликни риавожлаштириш Дастури доирасида ривожланган бўлса, кейинчалик жараён 2015 йилгача бўлган Транспорт стратегияси, яъни нафақат автомобилсозлик, шунингдек, темир йўл, шаҳар, йўловчи, ҳаво ва сув транспортларини қамраб олган лойиҳани ҳисобга олиб, ривожлана бошлади. Шундан сўнг автомобилсозлик саноати Қозоғистон Республикасини 2015–2019 йилларда саноат-инновацион ривожлантириш дастурига бир элемент сифатида қўшилди.

Иккинчидан — ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш (локализация) даражасининг пастлиги. Ўзбекистонда автомобиль бутловчи қисмларини ишлаб чиқарувчи ўнлаб корхоналар тузилган. Бугунги кунда деталларнинг 60 фоизга яқини мамлакат ичида тайёрланмоқда, Қозоғистонда эса бу кўрсаткич 2 баробар кам — 33 фоиз.

Бугун Ўзбекистон автомобилсозлик соҳаси "Ўзавтосаноат" АЖ таркибига кирувчи 200 дан зиёд корхона ва ташкилотларни қамраб олган. Бундан ташқари, компания таркибига бутловчи қисмлар ишлаб чиқарувчи 25 та йирик  ва 160 дан зиёд майда ишлаб чиқарувчилар киради.

Учинчидан — автосаноатнинг турдош соҳаларга ижобий таъсири. Маълумки, автомобилсозликнинг ривожланиши иқтисодиётнинг бошқа соҳаларига мультипликатив таъсир ўтказади. Масалан, автомобиль саноатида биргина янги ишчи ўринининг яратилиши турдош соҳаларда 3 тадан 11 тагача янги ишчи ўринларининг яратилишига сабаб бўлади. Гап металлургия, кимёвий, текстил саноатлари, шунингдек, эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқариш, транспорт ва хизмат соҳаси ҳақида бормоқда.

Бунинг оқибатида икки республика ўртасида аҳолини автомобилсозлик саноати корхоналарига жалб қилишда катта фарқ юзага келган. Айни пайтда Ўзбекистонда бу соҳада 27 минг киши меҳнат қилмоқда. Қозоғистонда бу кўрсаткич 18 минг кишини ташкил этади.

Тўртинчидан — миллий автомобилларнинг ўзига ўхшаш хорижий, фойдаланилган автомобилларга нисбатан рақобатбардош эмаслиги. Ўзбекистонда шу пайтгача экспортнинг асосий қисмини эскирган моделлар: Nexia (1984 йилги Opel Kadett ўхшаши), Matiz (1982 йилги Suzuki Alto асосида яратилган) ташкил этарди. Қозоғистонда бу — Lada 4×4 «Нива» (1977 йилги ВАЗ-2121 базавий модели) ва LADA Granta (оригинали 2011 йилда ишлаб чиқарила бошланган).

Бешинчидан — миллий автоишлаб чиқарувчиларни комплекс ҳимоя қилиш. Агар Қозоғистонда автомобиль олиб кириш Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) техник регламенти билан чекланган бўлса, Ўзбекистонда олиб кирилаётган автомобиль нархининг 50–100 фоизи миқдорида орасидаги бож жорий этилган. Бир томондан бу яхши, чунки давлат шу йўл билан миллий авто ишлаб чиқарувчиларни ҳимояламоқда. Иккинчи томондан, автомобилсозларда ташқи рақобат бўлмагач, ички бозорда ўзи истаган нархларни жорий этиш учун реал имконият пайдо бўлади. Бу ерда давлат (бу Ўзбекистонга ҳам, Қозоғистонга ҳам тааллуқли) автомобилнинг потенциал харидорлари бўлмиш оддий фуқароларни эмас, миллий автобизнес манфаатини ҳимоя қила бошлайди. 

Ишлаш учун йўналишлар

Бугун ҳар икки республика "ўз миллий автосаноати"ни ривожлантира туриб, қўшниларни савдо бозори сифатида кўриб, ўз ўрнини эгаллашга ҳаракат қилмоқда. Лекин битта муаммо бор: Тожикистон ва Қирғизистон маълум молийвий-иқтисодий муаммолари сабаб Тошкент ва Остонага бундай имкониятларни тақдим эта олмайди. Бошқа яқин қўшнилар Россия ва Хитой ҳам миллий, ҳам хорижий автомобилларни ўзида ишлаб чиқариб, автомобилсозлик саноатини пухта ўзлаштириб олишган. Камига, улар ҳам автомобиль экспорт қилишади. Ҳар икки давлат Марказий Осиёда ўз автомобилларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйишган.

Бу томондан қаралганда, Қозоғистон ва Ўзбекистон учун ушбу соҳада иккитомонлама ҳамкорлик қилиш, шунингдек ўз маҳсулоти оқимини ички бозорга йўналтиришда маълум бир тақсимотга амал қилиш зарурияти пайдо бўлади. Бироқ, ўзбек автомобилсозлари учун асосий экспорт йўналиши ҳамон Россия ва Қозоғистон бўлиб қолаётган эса-да, Қозоғистон учун ўзбек бозори ҳамон ёпиқ. Йўқ, формал жиҳатдан у очиқ, бироқ импорт автомобиллар учун жорий қилинган божхона йиғимлари уларни ўзбек автобозорида рақобатбардош бўлишга йўл қўймайди.

Ички бозорлар тилга олинса, аксарият қозоғистонликлар учун танганинг девальвация қилиниши оқибатида янги автомобиль харид қилиш ушалмас орзу бўлиб қолмоқда. Машиналар паркининг аҳволи ҳам бундан далолат бериб турибди. Масалан, 12 йилдан зиёд фойдаланилаётган машиналар сони Қозоғистондаги машиналар умумий сонининг 80 фоизини ташкил этади. Қозоғистон автопарки ЕОИИ ва МДҲдаги энг эскиси ҳисобланади.

Бироқ, давлат ғарб давлатларида муваффақиятли тарзда амалга оширилаётган "Trade in" дастурини кучга киритса, имтиёзли кредитлаш ва бошқа ташаббусларни кўрсатса, миллий автосаноатда ривожланиш учун янги рағбат пайдо бўлади. Бу, иқтисодий бўҳронга қарамасдан секин ўсишда давом этаётган Ўзбекистон автобозорига ҳам тааллуқли.