Тошкент шаҳри аҳолиси 18 апрель кунига ўтар кечаси соат 04:04да 2 балли зилзила кучини сезишган.

«Тошкент» сейсмологи маркази маълумотига кўра зилзила эпимаркази Тошкентдан 507 км жануби-шарқий нуқтада, Афғонистон ҳудудидаги Ҳиндикуш тоғларида жойлашган бўлиб, зилзила кучи 5,8 балл бўлган. Ер силкиниши кучини Тошкентдан ташқари Наманган вилоятида ҳам сезишган (2 баллдан пастроқ кучли). Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида зилзила кучи сезилмаган.

Зилзила оқибатида жабрланганлар борлиги ҳақида маълумот йўқ.

Ўзбекистон фанлар академиясининг сейсмология институти 15 апрель куни ҳам мамлакатнинг жануби-шарқида ҳамда Афғонистон шимолида кичик зилзила қайд этганди.

Маълумот учун, охирги марта Ўзбекистон ҳудудида зилзилалар ўтган йилнинг январида кузатилганди.