Даниянинг "Брондбю" клуби мухлислари мамлакат чемпионатининг навбатдаги турида "Копенҳаген"га қарши учрашувда куракда турмайдиган ишни амалга оширишди. Мухлислар меҳмон жамоа футбочиларига қарата ўлик каламушларни улоқтиришган. Ушбу ҳолат тасвирланган видео интернетда пайдо бўлди.

Воқеа учрашув якунланишига 5 дақиқа қолганда юз берган: "Копенҳаген" ўйинчиси Беньямин Вербич бурчак тўпини амалга оширгани борганда, рақиб жамоа мухлислари унга ва яқин атрофдаги жамоадошларига ўлик каламушларни отишни бошлашган. Ҳаммаси бўлиб майдонга 4 та каламуш отилган. Футболчи дастлаб бундай муомаладан бир оз ўзини йўқотиб қўйган, бироқ кейин жамоадоши билан майдонни "кутилмаган меҳмонлардан" тозалашни бошлаган.

Таъкидлаш жоизки, учрашув "Копенҳаген"нинг 0:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланган. Учрашувдаги ягона тўпни айнан "жабрдийда" Вербич амалга оширган.

Шу ғалабадан кейин чемпионат пешқадами "Копенҳаген" 2-ўринда бораётган "Брондбю"дан 13 очко олдинлаб кетди.

Бу икки жамоа Даниянинг ўзаро энг муросасиз жамоалари ва номдор клубларидан ҳисобланади. "Копенҳаген" чемпионатни 11 маротаба,  "Брондбю" эса 10 маротаба ютган.