Янги Зеландия ҳукумати хорижликларга виза бериш тартибини ўзгартиришга қарор қилди. Бу ҳақда иммиграция, меҳнат муносабатлари ва хавфсизлик вазири Майкл Вудхаус маълум қилди. Унинг изоҳ беришича, режалаштирилаётган ўзгаришлар асосида "Биринчи навбатда – янги зеландияликлар" (Kiwis-first) қоидаси ётади.

"Бу ўзгаришлар кўпроқ янги зеландияликларни ёллаш ҳамда уларни қайта тайёрлаш ва ўқитишни рағбатлантириш мақсадида амалга оширилади", - деган вазир. 

Янги қоидалар, жумладан мамлакатда ишлаётган хорижликларга оила аъзоларини таклиф қилишда чекловларни жорий қилади. "Малакали хорижий ишчи" виза тушунчаси мамлакатдаги ўртача иш ҳақига боғланади. Бунинг оқибатида паст иш ҳақига рози бўладиганларнинг виза олишларига имкон бермайди. 

Эслатиб ўтамиз, Янги Зеландия қўшниси бўлган Австралия ҳам 18 апрель куни 457-сонли ишчи виза беришни бекор қилгани ҳақида эълон қилганди.