Европа чемпионлар лигасининг 1/4 финалидан ўрин олган сўнгги учрашувлар бугун бўлиб ўтади. Tribuna.Uz куннинг марказий учрашуви олдидан ўйинолди маълумотларига батафсил тўхталади.

«Барселона» - «Ювентус» (19 апрель, 23:45, UzReport, Матч ТВ)

1/8 финалда «ПСЖга қарши супер камбэкни амалга ошира олган «Барселона»ни ҳар қандай ҳисобда мағлубиятга учрамасин, ҳеч ким муддатидан олдин мусобақадан «чиқариб юбориш»га журъат қила олмаяпти. Шу боисдан ҳам Туринда қайд этилган 3:0 ҳисобидаги натижадан кейин ҳам «Барселона» навбатдаги тарихий ғалабани қайд этиши мумкинлигига оз бўлсада ишонч мавжуд.

Ўйин олдидан
«Барселона»

«Барселона» Туринда қабул қилиб олган мағлубиятидан кейин Ла-лигада «Реал Сосьедад»ни қабул қилиб, қийин кечган учрашувда ғалаба қозонди ва мадридликлар билан орадаги фарқни сақлаб қолди. Лионель Месси ўша учрашувда иккита гол уриб, битта голга пас беришнинг уддасидан чиқди.
Жамоанинг сўнгги олти учрашувдаги натижалари: ҒММҒҒҒ

«Ювентус»
Туринликлар Италия А сериясида «балиқдек сузиш»да давом этмоқда. Жамоа ўтган ҳафтада «Рома»нинг очко йўқотишидан фойдаланиб орадаги фарқни яна 8тага етказди. Массимилиано Аллегри шогирдлари ўша турда «Пескара» меҳмони бўлиб Гонсало Ҳигуаиннинг дубли эвазига ишончли ғалабани қўлга киритганди. Жамоанинг сўнгги олти учрашувдаги натижалари: ҒҒҒМДҒ

Ўйинолди қизиқарли фактлар

— «Барселона» еврокубокларда ўз уйида ўтказган сўнгги 15 ўйиннинг барчасида ғалаба қозонган. 
— Каталонияликлар ўтган босқичда ЕЧЛ тарихида ҳеч қайд этилмаган натижани қайд этиб Париждаги 0:4 ҳисобидаги фарқни йўққа чиқарган.
— Лионель Месси ҳисобида ҳозирча клуб учун киритган голлари сони 498тани ташкил қилмоқда. Агар у бу учрашувда иккита тўп кирита олса, «Барселона»даги 500-голини тантана қилиши мумкин.
— «Барселона» шу кунгача уч марта ЕЧЛ плей-оффида 0:3 ҳисобида имкониятни бой бериб, иккинчи учрашувда керакли натижа кўрсатган ва кейинги босқичга йўлланма олган.
— «Барселона» чорак финалда кетма-кет 10-мавсумда иштирок этмоқда. Бу рекорд кўрсаткич саналади.

Ўзаро ўйинлар

Бу икки жамоа ўтган ҳафтадаги учрашувни қўшиб ҳисоблайдиган бўлсак, ўзаро 8 марта рўбарў келишган. 4та учрашувда «Ювентус» ғалаба қозонган, «Барселона» 2 ўйинни ўз фойдасига ҳал қилган. 2 учрашув дуранг билан тугаган. Тўплар нисбати 9-12, «Ювентус» фойдасига. 

«Барселона» «Ювентус»ни ўз уйида уч марта қабул қилган бўлиб, уларнинг фақат биттасида ғалаба қозона олган, ушбу ғалабага ҳам мартда 21 йил (!) тўлди. Қолган икки учрашувда «Ювентус» меҳмон сифатида бўлсада, ғалаба қозониб қайтган.

Йўқотишлар
Рафинья Алькантара тиззасидан олган жароҳатини янгилаб олди ва бу учрашувда майдонга туша олмайди. Шунингдек Алейш Видаль ҳам жароҳати сабаб ўйинда иштирок этмайди. Жереми Матьёни эса Луис Энрике учрашув қайдномасига ҳам киритмаган. Хавьер Маскерано ва Арда Туроннинг ўйинда иштироки сўроқ остида қолмоқда.

«Ювентус» таркибида эса биргина йўқотиш мавжуд. У ҳам бўлса асосий таркибда унчалик кўп ўйнамайдиган Пьяца бўлиб турибди. Қолган таркибдаги футболчиларнинг барчаси бу ўйинга шай бўлиб туришибди.

Тахминий таркиблар
«Барселона» катта эҳтимол билан бу учрашувда уч ҳимоячи билан майдонга ҳаракат қилиши кутилмоқда Серхи Роберто кўпроқ ўнг қанот ҳужумида ҳаракат қилиши мумкин. Суарес, унинг ортидан Месси ва чап қанот ҳужумида Неймар. «Ювентус» эса Туринда ғалаба қозонган таркибда ҳеч қандай ўзгариш қилмаслиги кутилмоқда.

Барселона: Тер Штеген; Маскерано, Пике, Умтити; Ракитич, Бускетс, Иньеста, Серхи Роберто; Месси, Луис Суарес, Неймар.

Ювентус: Буффон; Дани Алвеш, Бонуччи, Кьеллини, Алекс Сандро; Пьянич, Хедира, Куадрадо; Дибала, Манджукич, Ҳигуаин.