Kun.uz таҳририятининг ижодий жамоаси Бухорога йўл оларкан, бу ҳақда ўз ўқувчиларини бохабар этди. Мақсад вилоятда истиқомат қилувчи аҳолининг муаммоларини ўрганиш, таклифлари ҳақида мутасадди раҳбарларнинг фикрини эшитиш эди. Ушбу вилоятдан таҳририятимизга келиб тушган кўп сонли мурожаатларнинг аксар қисмини ҳудуддаги тоза ичимлик суви, табиий газ ва электр таъминоти билан боғлиқ муаммолар ташкил этди.

Ушбу мурожаатлар вилоят ҳокимлигига тақдим этилди ва тегишли ташкилотлардан ушбу саволлар юзасидан жавоб олинди.

Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида истиқомат қилувчи фуқародан келган мурожаатда шундай дейилади: “Салом. Мен яшаётган Шофиркон туманидаги аксар қишлоқларда газ ва электр муаммоси ҳар доимгидек оқсайди. Мана, 2008 йилдан буён на газ таъминоти ва на электр узлуксизлиги таъминланган. Буни қарздорлик билан боғлашади.Хўп, шундай экан, ҳар бир хонадонга сим картали ҳисоблагич ўрнатайлик-да, муаммодан қутулайлик. “Ўзбекэнерго” эса етказиб бериш суткалик соати мажбуриятини бажаролмаса... Нима қилиш керак ахир? Бу ерда истеъмолчи ҳуқуқлари поймол бўлмоқда-ку. 

Газ масаласи. Пул йиғди-йиғдилар жонга теккан қишлоқ аҳолиси ундан бир йўла воз кечиб, газли баллонларга ўтиб қўя қолди. У ҳам бўлса, ойда бир марта келади, шунда ҳам алламбало баҳоналар бўлмаса. Бунга ҳам рози бўлдик. Қиш мавсумида бундан эллик йиллар олдингидек уй кўмир, дарахт шохлари билан иситиляпти.Фақат ваъда бериш билан иш битмайди.

Мутасаддиларга бир грамм ҳам ишонмай қўйган одамлар. Уйни иситиш майлига, буларсиз қандай ишлаб чиқариш бўлади, қандай қилиб ривожланиш бўлади?”.

Ушбу мурожаатга Шофиркон тумани ҳокими Ш. Жумаев шундай жавоб қайтарди: “Электр таъминотидаги узулишлар сабаби электр энергиясини тежаш ҳамда кечки ва кундузги тиғиз вақтларда электр энергиясидан унумли фойдаланишдир. Чеклаш вақтлари хусусида аҳоли олдиндан огоҳлантирилмоқда. Ушбу суҳбатлар давомида чулғамали лампаларни тежамкор диод лампаларга алмаштирганда электр энергияси тақчиллиги кузатилмаслиги ва чекловлар қўлланилмаслиги тушунтирилмоқда.

Шунингдек, туманнинг газ етиб бормайдиган ва табиий газдан узиб қўйилган қишлоқлари мунтазам равишда суюлтирилган газ баллонлари билан таъминланмоқда”.

Шунингдек, ушбу мурожаатга “Бухоро ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ бош муҳандиси Р. Шарипов қуйидаги ўз жавобини билдириб ўтган: “Айни пайтда аҳолининг электр энергиясидан қарздорлиги олдини олиш ва шу орқали ҳудудда электр таъминотининг мунтазамлигини таъминлаш мақсадида 32,3 млн. доллар қийматидаги инвестиция маблағлари эвазига 2017-2018 йилларда вилоятдаги барча истеъмолчиларга АСКУЭ тизимига мос келувчи электрон ҳисоблагичлар ўрнатилиши режалаштирилган.

Айни пайтда пилот лойиҳа доирасида Қоровулбозор туманида ушбу турдаги ҳисоблагичлар ўрнатилмоқда.

Босқичма-босқич тарзда вилоятнинг барча туманларида электрон ҳисоблагичлар ўрнатилади”.

Вилоятнинг Қоракўл тумани, “Зарафшон” маҳалласи, Зарафшон кўчасидан келиб тушган мурожаатда қуйидагилар тилга олинади: “Салом. Кўчамизда газ таъминоти яхши эмас - уйлар исимайди. Ҳар хўжаликда кексалар,чақалоқлар бор. Шу боис қишдан чиқиш қийин бўлмоқда. Зарафшон кўчасида газ таъминоти қачон яхшиланади?”.

Ушбу мурожаатга Ғарбгазтаъминот унитар корхонаси директори в.б. Н.Амонов қуйидагича жавоб қайтарган: “Қоракўл тумани “Зарафшон” МФЙ, Зарафшон кўчаси доимий равишда табиий газ билан таъминланиб келинмоқда.

Мурожаат муаллифи исм-шарифи ва телефон рақамини кўрсатмаганлиги сабабли ушбу мурожаатни тўлиқ ўрганиш имкони бўлмади”.

Когон туманидан тушган мурожаат: “Салом. Ушбу хат орқали сиздан шуни илтимос қилиб сўрайман. Мен Когон туманидаги Дехча афғонда қурилган намунали уй жойларда истиқомат қиламан. Мана 3 йил ҳам бўлди кўчиб келганимизга. Келганимиздан бери газ маромлаш пункти ишламайди. Яроқсиз аҳволда ётибди. Кечқурунлари газ босим кўтарилиб кетади. Когон газ корхонаси ходимларига бир неча бор мурожаат қилдим, фойдаси бўлмаяпти. Кўчадагилардан пул терсангизлар янги олиб қўйиб беришлари мумкин экан. Ўзлари шу аҳволда қабул қилиб олгандан кейин бирор чорасини кўришсин. Шу масалада ёрдам беришингизни сўраймиз”.

Бу масала юзасидан Ғарбгазтаъминот унитар корхонаси директори в.б. Н.Амонов қуйидагича жавоб қайтарди: “Когонгаз” филиали мутахассислари томонидан мурожаатда қайд этилган газ маромлаш пунктида режа-созлаш ишлари олиб борилди.

Айни пайтда ҳудуд аҳолисига табиий газ таъминоти меъёрида бериб борилмоқда”.

Қоракўл туманидан келган яна бир мурожаатда шундай дейилади: “Ассалому алайкум. Қоракўл тумани, Куввача қишлоғига тоза ичимлик сув қачон олиб келинади? 

Иккинчи савол: қишлоғимиздаги канал таъмир талаб бўлиб қолган. У ер қачон таъмир қилиниши тўғрисида маълумот берсангиз?”.

Ушбу мурожаатнинг тоза ичимлик суви билан боғлиқ масаласига Қоракўл тумани ҳокими Ҳ.Ғойиров қуйидагича жавоб берди: “Бухоро вилоят Олот ва Қоракўл туманларининг ичимлик суви таъминотини яхшилаш” лойиҳаси бўйича 2018 йилнинг ноябрь ойигача туманнинг барча ҳудудига, шу жумладан, Қуввача ҚФЙга ҳам қувур орқали тоза ичимлик суви етказилади.

Бу борада “Дўстлик” МФЙ ҳудудида улкан сув иншооти барпо этилмоқда.

Айни пайтда ушбу қишлоққа ичимлик суви ташиш йўли билан келтирилмоқда”.

Канал билан боғлиқ масалага эса Аму-Бухоро ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи А.Рўзиев қуйидаги тартибда жавоб берди: “Қоракўл туманидаги “Янгиобод” канали 2018 йилда, “Жиғачи-1” канали 2020 йилда реконструкция қилинади”.

Ғиждувон тумани, Позагари ҚФЙда истиқомат қилувчи фуқародан келган мурожаатда қуйидагича ёзилган: “Салом. Менинг оилам – 40 йиллик меҳнат фаолиятига эга. Отам ва 1-гуруҳ ногиронига 30 йилдан буён ғамхўрлик қилиб келаётган онам яшайдиган ҳудудда қачон инсоннинг бирламчи эҳтиёжлари қондирилади?

Аниқроқ айтадиган бўлсам, қачон биз тўлалигича табиий газ ва электр энергияси билан таъминланамиз. Ҳоким жаноблари, оиламиз учун аниқ вақтни айта оласизми? Яна бир бор айтаман - АНИҚ ВАҚТНИ! Ҳозирги кунда бизда УМУМАН табиий газ йўқ, электр энергияси эса суткасига 3-4 соат етказиб берилади холос.

Кейин яна бир савол: Бизни бирламчи эҳтиёжларимизнинг қондирилмаслиги бу бош Қомусимиз – Ўзбекистон Републикасининг Конституциясининг 18-моддасини қўпол равишда бузишга тенг эмасми?”.

Мурожаатга Ғарбгазтаъминот унитар корхонаси директори в.б. Н.Амонов қуйидагича жавоб қайтарган: “Позагари ҚФЙ Ғиждувон туманини табиий газ билан таъминловчи газ тақсимлаш станциясидан узоқ масофада жойлашганлиги сабабли мазкур ҳудуд табиий газ тармоғидан ажратилиб, ҳозирги кунда аҳоли  хонадонлари “Ғиждувонтумангаз” филиали томонидан мунтазам равишда суюлтирилган газ билан таъминлаб келинмоқда”.

Шунингдек, ушбу мурожаатнинг тоза ичимлик суви билан боғлиқ ҳолатига “Бухоро ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ бош муҳандиси Р.Шарипов ҳам жавоб берган: “Энерготизимда юкланишнинг кескин ошиши оқибатида электр қуввати танқислиги юзага келиб, энерготизимнинг ишдан чиқишининг олдини олиш мақсадида зарурат юзасидан навбат асосида чеклаш ишлари олиб борилмоқда.

Ҳаво ҳароратининг ошиши билан чеклашлар ҳам тўхтатилади”.

Ромитан туманидан келган мурожаатда қуйидаги масала кўтарилган: “Ассалому алайкум. Бундан 10 йил илгари бизнинг қишлоқда ичимлик сув тармоғи келаркан, деган овоза тарқалди ҳамда ёлғондакам трубалар ётқизилди. Аммо бу хўжакурсинга қилинган ишлар ҳеч қандай маъносиз чала ташлаб кетилди. Провардида ҳудуд ичимлик суви билан таъминланди, деб сохта ҳисоботлар юқори ташкилотларга юборилди. Шундан бери сувни кутамиз, хали ўзи келмади. Яқинда ишлаб турган газ тармоғимизни ҳам туман газ бўлими ходимлари кесиб кетди”.

Бу мурожаатга Ромитан тумани ҳокими М. Олимов қуйидаги тартибда жавоб қайтарган: Респонбоп қишлоғида ичимлик суви манбаи ташкил этилган “Наврўз” артезиан қудуғидаги сув мутахассисларнинг ўрганишлари натижасида истеъмолга яроқсиз деб топилди. 

Айни пайтда ушбу қишлоққа ичимлик суви ташиш йўли билан келтирилмоқда.

Респонбоп қишлоғи табиий газ етиб бормайдиган ҳудуд ҳисобланиб, ҳудуддаги 96 хонадон мунтазам равишда суюлтирилган газ баллон билан таъминланмоқда”.

Мурожаатларда айтилганидек, электр энергияси, табиий газ ва тоза ичимлик суви аҳолининг бирламчи эҳтиёжидир. Давлат раҳбари буларсиз соғлом авлодни вояга етказиб бўлмаслиги ҳақида кўп бор таъкидлаган. Шундай экан барча юмушлар қоғозда ёки ҳисоботларда эмас,балки амалда бўлишидан барчамиз умидвормиз.