19 апрель куни Тошкент шаҳридаги Халқаро бизнес-марказида Ўзбек-Хитой бизнес форумига старт берилди. Тадбирда Ўзбекистоннинг тегишли вазирлик, бошқарма ва корхоналари билан бирга Хитой Халқ Республикаси (ХХР)нинг энергетика, металлургия, телекоммуникация, транспорт каби бир қатор соҳалар вакиллари қатнашишди. 

Хитойдан ташриф буюрган вакиллар Ўзбекистонда Инвестиция Давлат қўмитасининг тузилишини алоҳида эътироф этди ва инвестиция ҳар қандай мамлакат тараққиётида муҳим роль ўйнашини таъкидлаб ўтишди. 

Мазкур бизнес форумда ХХРнинг Ўзбекистондаги элчиси Сун Лижие «Кун.uz» мухбирига  интервью бериб, икки мамлакат ўртасидаги алоқалар ва май ойида ташкил этиладиган расмий учрашув ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди: «Бугун ажойиб байрам. Мен Ўзбекистон Республикасининг  янги Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси томонидан ташкил этилган биринчи Ўзбек-Хитой бизнес форумида иштирок этаётганимдан жуда ҳам хурсандман. Бу қўмитанинг ташкил қилиниши – инвестицион муҳитни яхшилаш ва хорижий сармоядорлани жалб этиш учун янги эшикларни очиб беради. Форум эса Ўзбекистон ва Хитой ўртасида инвестициялар соҳасидаги барча салоҳиятларни ўрганиб чиқишга ёрдам беради. Шу сабабли, мен мазкур янги ташаббус билан барчани чин қалбдан табриклайман. Хитой Халқ Республикаси ва Хитой элчихонаси янги қўмитанинг фаолияти янада ривожланиши учун ўзининг ҳар қандай кўмагини тақдим этишга тайёрдир. Биз узвий ҳамкорлик ва дўстона муносабатлардан мамнун бўламиз». 

Элчининг сўзларига кўра, айни дамда Хитойда Ўзбекистон Республикаси президентининг расмий ташрифи ва икки мамлакат раҳбарларининг учрашувини аъло даражада ташкиллаштириш учун интенсив тайёргарликлар кўрилмоқда. 

«Жорий йилда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги дипломатик алоқалар тикланганининг 25 йиллиги нишонланади. Шу 25 йил вақт давомида биз икки томонлама муносабатлар учун мустаҳкам пойдеворни қуришга эришдик. Мазкур расмий ташриф икки давлатлар ўртасидаги дўстона муносабатларни янада юқори даража олиб чиқиши ва кўплаб яхши натижаларни тақдим этиши кутилмоқда», - дея қўшимча қилди элчи. 

Таъкидлаб ўтиш жоиз, Ўзбекистон ва Хитой Халқ Республикаси ўртасида товар айланмаси ҳажми барқарор ўсиб келмоқда. Ташқи савдо вазирлиги маълумотларига кўра, 2016 йил якуни бўйича давлатлар орасида 4,7 млрд доллар миқдорида товар алмашилган ва 2017 йил биринчи чорагида бу кўрсатгич 1,2 млрд долларни ташкил этди. Бугунги кунда Ўзбекистонда Хитой капитали иштирокидаги 704 корхона фаолият юритмоқда. Улардан 88таси 100 фоиз хорижий капитал асосида бўлиши билан бирга, Хитой компанияларининг 73 вакиллиги ва филиаллари мавжуд.