Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған АҚШ президенти Дональд Трамп билан яқин орада учрашишга келишиб олганини маълум қилди. 

"Албатта, менга қўнғироқ қилиб, табриклашди. Трамп мени референдум натижалари билан табриклагани жуда ёқимли бўлди. Биз яқин истиқболда муносабатларни ривожлантириш ҳақида гаплашдик, бу масала ва Сурия бўйича фикрлар алмашдик", деб айтди Эрдўған АҚШнинг CNN телеканалига. 

Эрдўған икки томонлама муносабатларни илгари суриш учун Трамп билан шахсий учрашув ўтказиш мақбул бўлишини айтган. Унинг айтишича, телефон мулоқоти давомида бунга келишиб олинган.

"Биз яқин орада учрашув ўтказишга келишиб олдик", деб айтган Эрдўған. 

17 апрелда Эрдўған ва Трамп телефон мулоқоти ўтказишган. Унда Трамп Эрдўғанни Туркияда ўтган конституциявий референдумдаги ғалаба билан табриклаган. Икки етакчи Башар Асадни Идлибдаги кимёвий ҳужум учун жавобгарликка тортиш кераклигини айтишган. Улар, шунингдек, ИШИД ва ўз мақсадларига эришиш учун террорчиликдан фойдаланадиган барча гуруҳларга қарши курашиш масалаларини муҳокама қилишган.