Европа иттифоқи ўз таркибига Туркияни қабул қилиш бўйича мажбуриятларини бажармаяпти ва уни 54 йилдан бери кутишга мажбур қилмоқда. Бу ҳақда мамлакат президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған CNN телекомпаниясига маълум қилди. Президент канал журналистлари саволларига Анқарадаги қароргоҳида жавоб қайтарган.

ЕИ “бизни 54 йилдан бери кутишга мажбур қилди”, дея таъкидлаб ўтди Эрдўған. “Сиёсий нуқтаи назардан, буни бошқа қабул қилиш мумкин эмас. Биз ЕИга кириш учун керакли бўлган барча талабларни бажаришга ҳаракат қилдик, Европа иттифоқи эса ўз ваъдаларининг устидан чиқмади. У уларни бажариши керак”, - дея давом этган президент.

Шу билан бирга, у Брюссель хатти-ҳаракати яхши томонга ўзгарса, Анқара яна кутиб туришга тайёр эканига ҳам ишора қилган. “Агарда улар ўз ваъдаларини бажаришса, биз яна музокаралар столига қайтишимиз мумкин. Биз қандай қадам қўйилиши мумкинлигини сезишга қодирмиз”, - дея огоҳлантирди Эрдўған ЕИ аъзо-давлатларининг Туркиядаги референдумга муносабатига оид саволга жавоб қайтариб.

Мамлакатнинг ЕИга кириш борасидаги музокаралар 2005 йилдан бери олиб борилмоқда. 1963 йилнинг 12 сентябрь куни Анқарада Туркия ва Европа иттифоқи ўртасида ассоциация ҳақидаги Келишув имзоланган, у 1964 йилнинг 1 декабрь куни кучга кирган.

Туркия ва ЕИ муносабатларидаги кескинлик қатор Европа давлатларида турк сиёсатчиларининг чиқиш қилиши тақиқлангани билан ҳам боғлиқ. Аввалроқ Эрдўған Европадаги ҳукуматларнинг бундай сиёсатини нацистлар хатти-ҳаракатига ўхшатганди.