Россия Федерал хавфсизлик хизмати Владимир вилоятида террорчилар билан алоқада бўлган икки шахсни йўқ қилди. Қўлга олиш амалиёти вақтида ушбу шахслар қуролли қаршилик кўрсатгач, ўлдирилган.

РИА Новости хабарига кўра, бу шахслар келиб чиқишига кўра марказий осиёликлар бўлиб, бири 26, иккинчиси 30 ёшда бўлган. Улар халқаро терроризмга алоқадор экани ва кишиларни жангарилар сафига ёллаш билан шуғуллангани гумон қилинмоқда. Улар жойлашган ҳудуддан портловчи қурилмалар тайёрлаш технологиялари аниқланган. Аниқланишича, ушбу шахслар Россия ҳудудида терактлар содир этишга тайёрланган.

Махсус амалиёт ўтказилган ҳудуддан бомба учун қисмлар, АК-74 автомати, пистолетлар ва ўқ-дорилар топилган. Амалиёт чоғида махсус кучлар томонидан жабрланувчилар йўқ.

Айни вақтда ҳодиса бўйича жиноий иш очилган.

ФХХ маълумотига кўра, бугун Краснодар ўлкасида экстремистлар гуруҳи қўлга олинди. Улар яшаётган квартира тинтув қилинганида портловчи қурилмалар тайёрлаш учун қисмлар, гайкалар тўлдирилган қути ҳамда экстремистик адабиётлар топилган.