Греция шимоли-шарқида ҳарбий вертолёт қулаб тушиши натижасида 4 киши ҳалок бўлиб, бир киши жароҳатланди. Мамлакат қуролли кучларида 3 кунлик мотам эълон қилинган. Бу ҳақда Греция Мудофаа вазирлигига асосланган ҳолда РИА Новости агентлиги хабар тарқатди.

19 апрель тонгида қуруқликдаги қўшинлар таркибидаги UH-1H вертолёти Ларисадан Козанига учиш вақтида Сарантапору тумани ҳудудига қулаган. Воқеа жойидан 4 кишининг жасади топилган ва уларнинг барчаси шахси аниқланган. Жароҳат олган аёл ҳарбий хизматчи эса шифохонага етказилган, айни вақтда унинг ҳаётига жиддий хавф йўқ.

Воқеа жойига қуруқликдаги қўшинлар бош штаби раҳбарияти келган, ҳодиса сабаблари ўрганилмоқда.

Греция Мудофаа вазири Панос Камменоснинг кўрсатмасига кўра, қуролли кучларда 3 кунлик мотам эълон қилинган.