АҚШда ўқотар қурол билан боғлиқ яна бир фавқулодда вазият юз берди: номаълум кимса Калифорния штатидаги Фресно шаҳрида одамларга ўқ узди. Оқибатда 3 киши ҳалок бўлган, деб хабар бермоқда маҳаллий шерифга иқтибос келтирган ҳолда Reuters ахборот агентлиги.  

Воқеа жойида полиция иш олиб бормоқда, яқин орадаги кўчалар ва округ суди биноси ёпилган. Маълум қилинишича, гумонланувчи қўлга олинган ва сўроқ қилинмоқда. У 39 ёшли Қори Али Муҳаммад исмли шахс бўлиб чиққан. У аввал қотиллик айблови бўйича қидирувда бўлган. 

Дастлабки маълумотларга кўра, барча ҳалок бўлганлар оқ танли эркаклар бўлган ва тасодифий равишда отиб ташланган. Жиноятчи ўз жиноятини ирқий нафратланиш негизида содир этгани тахмин қилинмоқда.

Таъкидлаш жоизки, Калифорнияда бундай фавқулодда вазиятлар тез-тез содир бўлиб туради: куни-кеча Вальехо шаҳрида номаълум кимсалар кечадан уйига қайтаётган ўсмирларни ўққа тутганлар. Оқибатда 9 бола жароҳат олган.

Бир ҳафта аввал эса Сан-Бернандинода 53 ёшли эркак бошланғич синфлар ўқитувчиси бўлган рафиқасини отиб ташлаган ва унинг икки ўқувчисини яралаган. Сўнгра ўз жонига қасд қилган. Кейинроқ болалардан бири шифохонада вафот этган.