Қарағандадаги Замзагул Мамалинова ва Думан Оспановлар оиласида етти қиз фарзанддан кейин узоқ кутилган ўғил - Нуртилеу дунёга келди. Жуфтликнинг тўнғич қизи - 25, кенжаси -  2 ёшда. Nur.kz нашрида шу ҳақида хабар берилди.

ФОТО EKARAGANDA.KZ

42 ёшли аёл илк фарзандини дунёга келтирганида 18 ёшда бўлган. У турмушга чиқишдан аввал бундай катта оилани хаёлига ҳам келтирмаганини тан олади. 

Кўп болали ота-она ўз фарзандларини ҳеч кимдан кам қилмай, яхши тарбиялаш ва муносиб билим беришга ҳаракат қилган.

Оспановларнинг икки тўнғич қизи олий маълумот олишга улгурган, улар турмушга чиқиб, ишга ҳам тушишган. 

ФОТО EKARAGANDA.KZ

Учинчи қиз фарзанд тиббиёт коллежида таҳсил олади. Кичик қизлар турли тўгаракларга қатнашади. 

"Мен доим ишлаганман, чунки ишламасак бўлмайди. Ҳар доим турмуш ўртоғимга ёрдамлашишга ҳаракат қилганман", - дейди Замзагул.

Ширин ташвишларига қарамай, Замзагул икки олий маълумот (филологик ва юридик) олишга муваффақ бўлган, у ўн йилдан ортиқ тажрибага эга.

Ҳозирга келиб, кўп фарзандли она яна бола таътилида. Замзамгулнинг эри "Қарағанда Су"да уста бўлиб ишлайди. 

Эр-хотин уларнинг оиласида ўғил фарзанд туғилганидан бениҳоя хурсанд. Етти опа-сингил укаларини жуда эъзозлашади.

Бугунги кунда Оспановлар оиласи саккиз фарзанди билан қариндошларининг уч хонали уйида ижарада яшайди. Улар турар-жой учун навбат кутишмоқда, бироқ жараён жуда секин кечмоқда. Аввал улар ўз уйларида яшашган, бироқ ноқулай шарт-шароитлар туфайли уни арзимаган пулга сотишга тўғри келган.

Замзагулнинг сўзларига кўра, у ва эри турмуш қийинчиликлари олдида ҳеч қачон бош эгишмаган. Тўнғич қизлар ота-оналари уларни вояга етказиб, тўғри йўлга йўналтиргани учун миннатдор. 

"Мен доим турмуш ўртоғимга, ярим йўлда бир-биримизни ташлаб кетмаслигимизга ишонганман. Фарзандларимизда онглилик, меҳр-муҳаббат ва инсонийлик туйғуларини тарбиялашга ҳаракат қилганмиз. Уларга бир-бирини ҳамда катталарни ҳурмат қилиш, халқимизнинг маънавий қадриятларини сақлашни ўргатамиз", - дейди аёл.

ФОТО EKARAGANDA.KZ