КХДР телевидениесида АҚШ бўйлаб ракета зарбаси берилишини акс эттирувчи фильм намойиш этилди. Бу ҳақда Ёнҳап агентлиги хабар тарқатган.

Ушбу видеоролик 15 апрель куни Ким Ир Сен туғилган кунининг 105 йиллигига бағишланган тантанада намойиш этилган. Унда янги баллистик ракета ва унинг учирилиши тасвирланган. Видеода кўрсатилишича, ракета океан устидан учиб ўтиб, АҚШ шаҳарларидан бирига зарба беради. Кейинги кадрда қабристон фонида Америка байроғи ёнаётган ҳолда кўрсатилган.

Шу кунги парадда янги қитъалараро баллистик ракетаси намойиш этилгани тахмин қилинмоқда.

Бундан олдинроқ АҚШ президенти Дональд Трамп TMJ4 телеканали учун берган интервьюсида америкаликларда Шимолий Корея билан уруш бошлаш учун етарли асос борлиги ҳақида айтиб ўтганди.

Экспертлар 25 апрель куни, КХДР Корея халқ армияси ташкил этилгани нишонланадиган кунда олтинчи ядро синови амалга оширилиши ёки ракета учирилиши мумкин деб ҳисобламоқда.