Колумбиянинг Манисалес шаҳрида 19 апрелда юз берган кўчкида камида 11 киши ҳалок бўлди, деб хабар берди Колумбиянинг фавқулодда вазиятлар хатарларини бошқариш бўйича маҳаллий бошқарма.

Шаҳар мэри Хосе Октавио Кардонанинг маълум қилишича, жами 70 нафар оила жабр кўрган. Умумий ҳисобда 30 уй вайрон бўлган, деб маълум қилди Кардона W радиоси эфирида.

Ижтимоий тармоқларда чоп этилган суратларда кўчки қоя юқорисидан кўчгани ва йўлида учраган турар жой биноларини вайрон қилгани тасвирланган. Фожиага Колумбияда ёғаётган кучли ёмғирлар сабаб бўлган.

Ҳозирда фожиа жойида қидирув ишлари олиб борилмоқда, маҳаллий мактабларда дарслар бекор қилинган.

Колумбия президенти Хуан Мануэль Сантос Twitter’даги микроблогида Манисалесга йўл олгани, бироқ ёмон об-ҳаво сабабли унинг самолёти Медельинга қўнишга мажбур бўлганини маълум қилган. Ҳозирда давлат раҳбари тезроқ шаҳарга етиб бориш учун вазият яхшиланишини кутмоқда.