Яқинда Тахтакўпир туманида янги корхона ўз иш фаолиятини бошлади, деб хабар қилмоқда Kruz.uz.

Янгидан ишга тушган “Кегейли экстракт” Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонасининг директори ўринбосари Темирхан Хожалепесов маълум қилишича, корхона туман ҳудудида жойлашган «Қуўанишжарма» ирригация тармоқлари бошқармасининг балансида бўлган, олдин қаровсиз қолган бўш бинони 420 минг АҚШ доллари инвестиция киритиш йўли билан ноль баҳода сотиб олиб, у ерда иш фаолиятини бошлаган.

“Қизил мияни қайта ишлашга керак бўлган замонавий ускунлар ўрнатилиб бўлгандан сўнг март ойидан ишни бошлаб,  қизил мия экстрактини Хитой Халқ Республикасига экспорт қилишни бошладик. Янги технологияларни ва маҳсулотлар сифатини назорат қилишда маҳаллий йигитларга хитойлик Ху Йонгпенг ва Ни Суитао ўз тажрибаларини ўргатиб келмоқда”,  - деди директор ўринбосари.

Маълум бўлишича, дастлаб қизил мияни фақат фермерлардан сотиб олмасдан, уни корхона ишчилари 2 минг гектар майдонга экиб етиштиришни режалаштиришган. Бунинг учун туман ҳокимлигидан ер сўраб мурожаат қилинган. Ҳозирги вақтда 50 одамни иш билан таъминлаган мазкур корхонада ҳом ашёни қайта ишлаш ишлари қизғин олиб борилмоқда.