Одил Аҳмедовнинг «Футбол» ҳафтаномасига берган интервьюсининг уч қисми билан танишгандингиз. Tribuna.Uz интервьюнинг сўнгги қисмини эътиборингизга ҳавола этади. Унда Аҳмедов Россиядаги собиқ жамоалари «Краснодар», «Анжи» ва Самуэл Это‘Онинг жамоадаги ўрни ҳақида гапириб ўтган.

— «Краснодар»га ҳар доим охирги дақиқаларда нимадир етишмай қоларди. Сиз нимага шунақа бўлишини тушуниб етганмидингиз?
— Жамоа руҳий жиҳатдан унчалик кучли эмас. Менимча, «Краснодар»га ҳақиқий чемпион характеридаги мураббий керак. Жамоа мағлубиятга учраганидан кейин футболчиларнинг жанговар руҳини кўтарадиган ва қийин вазиятларда уларни қўллаб-қувватлайдиган мураббий бўлиши керак.

— Масалан?
— Ишлаган мураббийларим ичида — шубҳсиз Ҳиддинк. Ёки Боаш. Уни «Шангҳай» футболчилари билан қандай гаплашаётганини кузатаман ва кўраман: ҳамма мураббий учун жанг қилишга тайёр туришади. У ажойиб руҳшунос.

— Кононов унақа эмасмиди?
— Жамоа ютқазганда, Кононов йигитларни руҳий томондан кайфиятини кўтара олмасди. Унинг иккинчи йилги фаолиятида биз жуда сифатли футбол кўрсатгандик ва ҳақиқатан ҳам Чемпионлар Лигаси йўлланмаси учун даъвогарлик қилгандик. Аммо мавсум сўнггида ортиқча асаббузарликлардан кейин ўйинимизда пасайиш кузатилди ва имкониятни бой бердик.

— Балки жамоага ҳақиқий лидер футболчи, масалан ўзининг Рой Кини етишмаётгандир?
— Жамоада айнан шундай етакчи бор — Паша Мамаев. Майдонда у ҳақиқий етакчи. Энг муҳим голларни уриши, асосий узатмаларни амалга ошириши мумкин. Афсуски сўнгги пайтларда у кўп жароҳат олмоқда. Ўйлашимча, Пашанинг йўқлиги ўтган йилда «Краснодар»нинг натижаларига жиддий таъсир ўтказди.

— Тўртинчи ўрин ёмон натижами?
—Ҳозир жамоа ўйинларини яхши кузата олмаяпман, аммо танишларим айтишяптики: унчалик яхши чиқмаяпти. Ҳозирги «Краснодар» бутунлай бошқа футбол намойиш этмоқда, жамоа ҳамон Олег Кононов қурган даврдаги пойдевор билан ушлаб турилибди. Ҳозирги мураббий билан келгуси мавсумда нима бўлиши – катта сўроқ остида. Ҳар қандай вазиятда ҳам «Краснодар»га фақат муваффақиятлар тилайман. Сергей Николаевич Галицкий Россия футболи учун жуда кўп нарса қилди. Унинг жамоаси мамлакатда чемпион бўлиши ва Европа Лигаси финалига чиқишга лойиқ. Жамоадан кетишим аниқ бўлганида биринчи навбатда Сергей Николаевич билан алоқага чиқдим ва унга барчаси учун миннатдорчилик билдирдим. Айнан у мени Краснодарга таклиф қилганди. Унга ўйиним ёқишини билардим. Шундай инсон билан бирга ишлаш ёқимли эди.

«Смолов кеч қолди, вақтлироқ кетиши керак эди»
 

— Хитой клубларидан бири Смоловга 10 млн евро йиллик маош таклиф қилганди, аммо Фёдор рад этган. Бунга ишонасизми?
— Бу мавзуда у билан гаплашмаганмиз. Ҳамманинг ўзи танлаган йўли бор. Балки у бошқа клубга ўтишни истагандир.

— Ёзда у Германияга кетадиганга ўхшаяпти.
— Германия чемпионати унга жуда мос келади. Аммо ўйлашимча, Смолов бироз кечикди. У ўтган йили кетиши керак эди. Ўшанда Фёдор ҳақиқий пик формага чиққан ва жуда кўп голлар ураётганди. Охирги вақтларда эса у жуда кўп жароҳат олмоқда. Бу унга харидор бўлган клубларни ўйлантириб қўйиши мумкин.

— Смоловни сиз бирга тўп сурган ҳужумчилар ичида энг иқтидорлиси деб аташ мумкинми?
— Агар сен Это’Одек ҳужумчи билан бир жамоада тўп сурган бўлсанг, бошқа футболчиларга баҳо беришинг жуда қийин. У футболчи эмас – маъбуд эди. Смолов биринчи марта қачон том маънода порлаб чиққани эслай оласизми? Айнан «Анжи»да Самуэл билан бирга тўп сурган пайтида.

— Айтишларича, дунё футболида Это’Одан ўтадиган ҳотамтой футболчини топиб бўлмасмиш. Шунақами?
— Мен одамларга ёрдам бериб юрадиган кўплаб футболчиларни биламан. Аммо Это’О – ўзига хос. Мисол учун, у клуб маъмурининг уйи йўқлигини билгач, Махачқалъадан унга янги уй сотиб олиб берганди. Унинг ташаббуси билан биз ўз мукофот пулларимизни «Анжи»да бизга қулай шароит яратиб бераётган ходимларга тарқатардик. Агар қайсидир футболчида муаммолар пайдо бўлиб қолса, Это’О раҳбарият олдига кирарди ва муаммони ҳал қилиб чиқарди. Менимча у жамоада ёрдам бермаган бирорта футболчи қолмаган. Ҳақиқий сардор. У «Анжи»да дўстона муносабатлар ўрнатилиши учун қўлидан келган барча ишни амалга оширарди.