Венесула президенти Николас Мадуро АҚШни мамлакатдаги вазиятни беқарорлаштиришда айблади. Давлат раҳбари TeleSUR телеканали орқали эфирга узатилган мурожаатида шу ҳақда баёнот берди.

"Шубҳасиз, биз Венесуэладаги тинчлик, демократия ва конституцияга қарши сўнгги йиллардаги энг жиноий ва шафқатсиз босимга дуч келмоқдамиз. Ўтган кунлар, ҳафталар давомида биз АҚШ давлат департаменти ва бошқа ҳукумат идоралари бошчилигидаги халқаро кучларнинг тил бириктиришига қарши турдик. Улар бизнинг мамлакатимизни янги қулликка солиш ва империалистик босқинчилигини амалга ошириш учун Венесуэланинг инқилобий ҳукумати, ҳокимият институтларига ҳужум қилди", - деган Мадуро.

Венесуэла етакчиси Миллий ассамблея (парламент) раиси Хулио Борхесни ушбу фитнага алоқадорликда айблади. Мадуро, шунингдек, ҳукумат 19 апрель куни бўлиб ўтадиган норозилик намойишларида ҳужум қилиб, тартибсизликларга туртки бериши лозим бўлган ҳарбий фитначиларни қўлга олганини маълум қилди. 

Апрель ойида Венесуэладаги вазият анча таранглашди. Бунга Олий суд қарори сабаб бўлди. У президент Николас Мадурога парламент рухсатисиз сиёсат юритиш ваколатларини тақдим этди. Ўзини Миллий ассамблея ваколатларини вақтинча адо этадиган орган сифатида эълон қилди.