Ўзбекистон Республикаси норматив ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси порталида қатор ҳукумат қарорларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш лойиҳаси эълон қилинди.

Лойиҳа билан Вазирлар Маҳкамасининг “Тошкент шаҳрида йўловчи транспорти тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”, “Йўловчилар ва юкларни автомобиль транспортида шаҳар, шаҳар атрофи, халқаро ташишлар бўйича фаолиятни лицензиялаш ҳақидаги Низомни тасдиқлаш тўғрисида”, “Тошкент вилояти ҳокимиятининг барча турдаги йўловчи транспорти ҳаракатини мувофиқлаштириш ва лицензиялаш бўйича департаментини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорларига тузатишлар киритиш таклиф этилмоқда.

Бугунги кунда шаҳар ва шаҳар атрофида енгил автомобилларда (4 ўрингача) йўловчи ташишга лицензия бериш алоҳида расмийлаштирилади. Бу йўловчилар учун ҳам, ташувчилар учун ҳам ноқулайликлар келтириб чиқаради. Лойиҳага бириктирилган тушунтириш изоҳида мисол келтирилган. Унга кўра, йўловчининг йўналишли таксида Тошкент шаҳридан ҳалқа йўли ташқарисига чиқиши (Келес шаҳри) учун ҳам шаҳар, ҳам шаҳар атрофидаги лицензияси бир вақтда бўлиши талаб этилади.

Шу сабабдан шаҳар ва шаҳар атрофида енгил автомобилларда йўловчи ташиш учун бериладиган лицензияларни бирлаштириш таклиф этилмоқда, бунда давлат божи оширилмаслиги мумкин.

Бундан ташқари, халқаро йўловчи ташиш билан шуғулланувчи автобусларда йўловчи сиғими оширилади, 21 ўриндан 30 ўрингача. Бу Самарқанд автобус заводи (СамАвто) томонидан ишлаб чиқарилаётган автобуслар модель қаторидаги ўзгаришлар туфайли юз бериши мумкин. Шу билан бирга, давлат божи ҳажми ўзгаришсиз қолади.

Кутилишича, бу тузатишларни киритиш йўловчиларга кўрсатиладиган хизмат сифати ва сонини оширади, автотранспорт хизматлари соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш имконини беради.

Лойиҳа муҳокама жараёнида ва ўзгариши, қўшимчалар киритилиши ёки рад этилиши мумкин.