19-21 апрель кунлари Халқаро бизнес-марказида Ўзбек-хитой бизнес форуми ва икки томонлама учрашувлар бўлиб ўтади. 

Форумда Хитой вакиллари орасида металлургия, тоғ-кон саноати, энергетика, инфратузилма қурилиши, транспорт, телекоммуникация, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда бошқа соҳалардаги концернлар, Ўзбекистон томонидан эса тегишли вазирлик, бошқарма ва корхона вакиллари иштирок этадилар.

Бизнес-форумнинг йирик иштирокчилари орасида “Синогидро” Хитой давлат гидроэнергетика компанияси бор эканини таъкидлаб ўтиш жоиз. Корхона энергетика ва инфратузилма соҳасида барча хизматларни кўрсатади ҳамда дунёнинг 74 давлатида умумий ҳисоби 40 млрд. АҚШ долларини ташкил этган 580 та лойиҳа устида ишламоқда.

Синосталь корпорацияси (Sinosteel Corporation) эса металлургия, тоғ-кон саноати, инфратузилма қурилиши ва энергетика соҳаларида лойиҳалар амалга оширади ва йирик саноат объектлари учун ускуналар ишлаб чиқаради. Компаниянинг активлари ичида Хитойдаги 500 та, ҳамда дунёнинг 40 та давлатида 100дан ортиқ лойиҳалар мавжуд.

Бизнес-форум давомида томонлар иқтисодиётнинг турли соҳаларида ҳамкорлик ўрнатиш, янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини молиялаштириш масалаларини муҳокама қиладилар.

Таъкидлаб ўтиш жоиз, Ўзбекистон ва Хитой Халқ Республикаси ўртасида товар айланмаси ҳажми барқарор ўсиб келмоқда. Ташқи савдо вазирлиги маълумотларига кўра, 2016 йил якуни бўйича давлатлар орасида 4,7 млрд. доллар миқдорида товар алмашилган ва 2017 йил биринчи чорагида бу кўрсаткич 1,2 млрд. долларни ташкил этди. Бугунги кунда Ўзбекистонда Хитой капитали иштирокидаги 704 корхона фаолият юритмоқда. Улардан 88таси 100 фоиз хорижий капитал асосида бўлиши билан бирга, Хитой компанияларининг 73 ваколатхонаси ва филиали мавжуд.

Ушбу бизнес-форум икки давлат ўртасидаги самарали ҳамкорликнинг намунаси бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Хитой Халқ Республикасига 2017 йил май ойида бўлиб ўтадиган ташрифи олдидан амалий натижаларни намоён этмоқда.