АҚШ президенти Дональд Трамп виза сиёсати, давлат харидлари ва савдо битимларини ўзгартирувчи фармонни имзолади. Оқ уй матбуот хизмати хабар қилишича, ҳужжат Америка меҳнат бозорини хорижий ишчилардан ҳимоя қилиш ва Америка маҳсулотларини харид қилишга туртки беради. 

"Америка маҳсулотини харид қил ва америкаликни ёлла" (Buy American and Hire American) деб номланган фармон, хусусан, ҳукумат идоралари томонидан давлат харидларини амалга оширишда Америка маҳсулотлари улушини оширишни назарда тутади. Бундан ташқари, давлат ҳокимияти ҳаддан ортиқ йирик миқдорда хорижий маҳсулотни харид қилишни кўзда тутувчи бошқа мамлакатлар билан савдо битимларини қайта кўриб чиқиши мумкин бўлади. Ҳужжат, шунингдек, Америка компанияларига АҚШнинг савдо ҳамкорлари бўлган мамлакатларга АҚШдаги хорижий компанияларга тақдим этилган шартлар асосида ўз маҳсулотларини сотишларига рухсат беради. 

Бундан ташқари, Трамп АҚШда айрим ишчиларни ёллашда қатъийроқ ёндашув зарурлигини бир неча маротаба таъкидлаган. Унинг фикрича, бу борадаги қонунчиликнинг мукаммал эмаслиги сабаб Америка компаниялари ва мамлакат ишчилари азият чекмоқда. Бу эса АҚШ иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатмоқда. 

Фармонга мувофиқ, "H-1B" ишчи визаларини тақдим этиш тартиби ҳам қайта кўриб чиқилади. Дастур компанияларнинг америкаликларни эмас, хорижлик малакасиз ишчиларни жалб қилиш орқали маблағларини тежаши нуқтаиназаридан қайта кўриб чиқилади.