19 апрель куни Тошкент шаҳридаги Халқаро бизнес-марказида Ўзбек-Хитой бизнес форуми бошланди. Тадбирда Ўзбекистоннинг тегишли вазирлик, бошқарма ва корхоналари билан бирга Хитой Халқ Республикаси (ХХР)нинг энергетика, металлургия, телекоммуникация, транспорт каби бир қатор соҳалар вакиллари қатнашишди. 

Хитойлик  вакиллар Ўзбекистонда Инвестиция Давлат қўмитасининг тузилишини алоҳида эътироф этди ва инвестиция ҳар қандай мамлакат тараққиётида муҳим роль ўйнаши, шунингдек, савдо-иқтисодий алоқалар ҳам муваффақиятли ривожланиб келаётганини қайд этишди. 

Таъкидлаш жоизки, 1992 йилда Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги товар алмашинуви 47 миллион АҚШ долларини ташкил қилган, ўтган йили эса бу кўрсаткич 4,7 миллиард долларга етган - бу кўрсаткичларнинг 100 карра ўсганидан далолатдир. 2017 йилнинг биринчи чорагида икки мамлакат ўртасида товар алмашинуви қиймати 1,2 миллиард долларни ташкил қилди. Инвестициялар эса 7,6 миллиард долларни ташкил этади, бу мазкур кўрсаткичларнинг икки мамлакат ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилган вақтдан буён 700 баробарга ўсганини кўрсатади.

«Жорий йилда президентимиз фармонига асосан Ўзбекистон Республикасида инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ташкил этилди. Мазкур қўмита Ўзбекистонни инвестицион сиёсатини мувофиқлаштириш, хориждан юртимизга жалб этилаётган сармояларни муваффақиятли амалга ошириш ва уларнинг самарадорлигини ошириш вазифалари билан шуғулланади. Қўмита томонидан бугун биринчи марта хитойлик ҳамкорлар билан бизнес форум ташкил этилди. Форумдан кўзланган мақсад меҳмонлар ва тегишли давлат идоралари вакилларини учраштириб, уларни Ўзбекистонда амалга оширилаётган турли лойиҳаларга таклиф қилиш.

Форумда Хитойнинг гидроэнергетика, сув қурилиш, металлургия, тоғ-кон саноати ва кабел инженеринг каби соҳаларида фаолият олиб бораётган ташкилотлар вакиллари иштоирок этишмоқда. Ўзбекистоннинг «Ўзбекэнерго», «Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамиятлари эса ўзининг тақдимот ишлари билан қатнашишди. Уч кун давом этувчи форум доирасида икки томонлама таклифлар кўриб чиқилади ва танланган лойиҳаларни молиялаштириш бўйича келишувлар имзоланади», деган Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Тимур Ишметов. 

Мазкур бизнес-форум икки давлат ўртасидаги самарали ҳамкорлик намунаси бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Хитой Халқ Республикасига 2017 йил май ойида бўлиб ўтадиган ташрифи олдидан амалий натижаларини ўзида акс эттиради.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 31 март кунги фармони билан Ўзбекистонда Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ташкил этилганди.