Миллий матбуот марказида “Ўзвиносаноатхолдинг” холдинг компанияси матбуот анжумани  ўтказди, деб хабар бермоқда ЎзА.

Ўзбекистонда 2016 йилда 1,7 миллион тонна ҳосил олинган бўлса, жорий йилда 1,9 миллион тонна узум етиштириш мўлжалланмоқда.

 – Тизимдаги олтмишдан ортиқ корхона фермер хўжаликларида етиштирилган узумни қайта ишлаш билан бирга саноатбоп навли токзорлар барпо этилмоқда, – дейди “Ўзвиносаноатхолдинг” холдинг компаниясининг бошқарма бошлиғи ўринбосари Адиба Аҳмаджонова. – 2014 йилда 2 минг гектар токзор ташкил қилинган бўлса, бугунги кунда ушбу майдонлар 2 баравар ортди. Жорий  йилда яна 1 минг 400 гектарда токзор барпо этилади.
                                                            
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 17 декабрдаги Республикада узум етиштирувчи фермер хўжаликларини бирлаштириш, токзорлар самарадорлигини ошириш, илғор агротехнологияларни жорий этиш, экспорт ва қайта ишлаш хажмларини кўпайтириш учун узумчиликка ихтисослашган агрофирмалар ташкил этиш тўғрисидаги қарори ижроси доирасида узумчиликка ихтисослашган қирқ иккита агрофирма фаолият кўрсатмоқда. 

Агрофирмалар фермерларга ҳосилни  сифатли сақлашда кўмаклашмоқда.  Бунинг учун агрофирмаларда музлатгич камералари ва жиҳозланган омборлар мавжуд. Агрофирмалар ўзларига бириктирилган туманлардаги фермер хўжаликларида агротехник тадбирларни ўз муддатларида ўтказиш мақсадида қишлоқ хўжалик техникаси харид қилишни кўпайтирмоқда. Ҳозиргача  жорий йилги узум ҳосили учун 30 фоиз бўнак пули тўлаб берилди.