Россияда бўлиш, миграция ҳисобида туриш ёки меҳнат билан шуғулланиш қоидаларини бузган хорижий давлат фуқароларига нисбатан Россия қонунчилигига биноан жарима ва суд қарорига кўра, Россия Федерацияси ҳудудидан чиқариб юбориш ва Россия ҳудудига киришга чеклов қўйиш чоралари қўлланилади. Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигининг маълум қилишича, Россияга кириш ҳуқуқи чекланган шахслар Россия Федерациясининг давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтган тақдирда маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортиладилар.

Кириш тақиқи тўғрисидаги маълумотни Россия Ички ишлар вазирлигининг www.fms.gov.ru веб-саҳифасидан олиш мумкин 

Россиянинг ваколатли органларининг киришга рухсат бермаслик тўғрисидаги қарорини тегишли суд инстанцияларига ёки Россия ИИВ Миграция масалари бўйича бошқармасининг юқори турувчи органига қонуний тарзда шикоят қилиш орқали бекор қилиш мумкин.

1993 йил 22 январда Минск шаҳрида имзоланган Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ҳамда ҳуқуқий муносабатлар тўғрисидаги Конвенцияга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Россия ИИВнинг ҳудудий бўлинмаларига ёки Россияга киришга тақиқ қўйган органга www.мвд.рф ва www.ps.fsb.ru веб-саҳифаларининг электрон манзилларига ўз аризаларини жўнатиш орқали мурожаат қилишлари мумкин.