АҚШ КХДР, Эрон ва Сурияга нисбатан санкция режимини кучайтиради. Бу ҳақда Қўшма Штатлар молия вазири Стивен Мнучин Британиянинг Financial Times газетасига берган интервьюсида маълум қилди.

"Биз КХДРга нисбатан кўпроқ санкциялар киритамиз", - деди у. Молия вазирлиги раҳбарининг қўшимча қилишича, бу Шимолий Корея билан бизнес олиб борувчи Хитой компанияларига эмас, балки КХДР фуқаролари ва компанияларига тўғридан-тўғри санкциялар бўлади. 

"Ўтган ҳафта Эронга санкциялар киритдик, сабаби бу ерда инсон ҳуқуқлари бузилиши билан алоқадор ҳолатлар бор, - дея давом этган Мнучин. – Эронга қарши ядро муаммосига алоқаси бўлмаган янги санкциялар бўлади. Биз Теҳроннинг ўзини тутишини жуда диққатлик билан кузатиб боришни режалаштирганмиз".

"Сурияга қарши анча йирик санкциялар киритилади, - дея қўшимча қилиб ўтди АҚШ молия вазири. – Ўйлашимча, қисқа муддат давомида улар 200 та суриялик ёки Сурия билан алоқаси бўлган шахслар ва ташкилотларни қамраб олади".

АҚШ молия вазирлиги 1 апрелда КХДРнинг яна 11 нафар фуқароси ва бир юридик шахсига нисбатан санкциялар киритди. 13 апрель куни эса Америка молия вазирлиги ўз санкциялар рўйхатига Теҳрон қамоқхоналар ташкилоти ва унинг раҳбарларини киритгани ҳақида маълум қилди.