Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Ўзбекистонга икки томонлама музокараларда иштирок этиш учун келган Уммон ташқи ишлар вазирлиги бош котиби Бадр бин Ҳамад ал-Бусаидий бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар берган.

Суҳбат аввалида томонлар Ўзбекистон ва Уммон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганлигининг 25 йиллиги муносабати билан бир-бирларини табриклади.

Учрашувда барча соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтиришдан томонлар манфаатдорлиги ҳамда бунинг учун зарур салоҳият мавжудлиги қайд этилди. Ушбу масалалар Уммоннинг Тошкентдаги элчихонаси ва тез орада Маскатда очилувчи Ўзбекистон элчихонаси фаолиятининг асоси бўлиши лозимлиги таъкидланди.

Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтининг Уммон молиявий ва консултатив кўмаги асосида қурилиб, жиҳозланаётган янги биноси маданий-гуманитар соҳадаги икки томонлама самарали алоқаларнинг ёрқин тимсоли эканлигини эътироф этилди.

Суҳбат давомида халқаро сиёсатнинг долзарб жиҳатлари ҳам муҳокама қилинди.

Шу куни Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон—Уммон вазирликлараро сиёсий маслаҳатлашувларининг бешинчи раунди доирасида икки томон кун тартибининг асосий масалалари батафсил муҳокама қилинди.

Маслаҳатлашувларда Ўзбекистон—Туркманистон—Эрон—Уммон транспорт коридори механизмларининг ишга туширилиши нуқтайи назаридан транспорт-коммуникация соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбирларда Уммоннинг Ўзбекистондаги элчиси Муҳаммад бин Саид бин Муҳаммад ал-Лаватий иштирок этди.