Албания парламенти президентни сайлай олмади, сабаби бош вазир Эди Рама бошчилигидаги ҳукмрон партия овоз беришнинг биринчи раундида номзодлар қўймаслик ҳақида қарор қабул қилди. Бу ҳақда Франс Пресс хабар бермоқда.

"Биз мухолифат билан янги президентни сайлаш бўйича мулоқот қилиш ниятида эканимизни кўрсатиб қўйиш мақсадида номзодларни таклиф қилмадик. Бу Албаниядаги барча сиёсий кучлар билан келишувга келишга ёрдам бериши лозим эди", - дея маълум қилди парламент раиси Илир Мета.

Агентликнинг таъкидлашича, мамлакат президенти лавозимини эгалламоқчи бўлган номзодни 140 депутатдан камида 84 нафари қўллаб-қувватлаши керак. Агарда беш раунддан сўнг ҳам президент сайланмаса, парламент тарқатиб юборилади.

Албания мухолифати эса парламентни февраль ойи ўрталаридан бойкот қилмоқда, улар эркин ва ҳалол сайловларга тайёргарлик кўриш учун ўтиш ҳукуматини чақиришни талаб этмоқда, деб хабар берди агентлик.