BMW’нинг Британиядаги ишчилари 20 йил ичида биринчи марта иш ташлашди

Жаҳон 20 Апрель 2017 2404

BMW немис автомобилсозлик компаниясининг Буюк Британиядаги ишчилари 20 йил ичида биринчи марта иш ташлаш акциясини уюштирдилар. "Интерфакс" ахборот агентлигининг маълум қилишича, компаниянинг Коули, Хэмс-Холл ва Суиндондаги MINI машиналари ва бутловчи қисмлар ишлаб чиқарувчи 3 та корхонасида ишлар тўхтатилди.

Норозилик пенсия миқдорининг қисқартирилиши сабабли билдирилган. Unite касаба уюшмасида 8 та 24 соатлик иш ташлаш акцияси кўзда тутилгани маълум қилинди. Кейинги норозилик акцияси 23 апрелда ўтказилади.

Касаба уюшмаси хабарида "BMW хўжайинлари бошларини қумдан чиқариб, уларнинг пенсияларни қисқартириш режалари итоаткорона қабул қилинмаслигини англашлари кераклиги" айтилган. Тахмин қилинишича, май ойида норозиларга Rolls-Royce’нинг Гудвуддаги ходимлари ҳам қўшилишади.

Компания раҳбарияти касаба уюшма вакилларини музокаралар столига қайтишга чорлади. Компанияда таъкидланишича, Коулидаги завод кунига мингтага яқин MINI машинаси ишлаб чиқаради. Корхона йўқотишларни йил давомида тўлдириб олишга умид қилмоқда.

Кўпроқ янгиликлар