Президент раҳбарлигида 19 апрель куни ўтказилган, маҳаллийлаштириш ва экспорт масалалари муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида божхона омборларида узоқ вақтдан буён сақланаётган маҳсулотларни тўлиқ инвентаризациядан ўтказиш ва улардан кейинчалик фойдаланиш масаласи кўтарилди

«Ўзбекнефтгаз» миллий холдинг компанияси, «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти раҳбарлари А.Султонов ва А.Шукуровга инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун кераксиз бўлган товарлар божхона омборларида узоқ муддат сақланаётгани кўрсатиб ўтилди.

Давлат божхона қўмитасига Ҳисоб палатаси ва Адлия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда божхона омборларида узоқ вақтдан буён сақланаётган маҳсулотларни тўлиқ инвентаризациядан ўтказиш ва улардан кейинчалик фойдаланиш, шунингдек, божхона омборлари тизимини мақбуллаштириш ва тартибга солиш, улар учун халқаро стандартлар даражасида ягона техник талаблар белгилаш бўйича Вазирлар Маҳкамасига аниқ таклифлар киритиш топширилди.