Бугун жамиятимизга янги бир ҒОЯ, мафкура керак. Мафкураки, мамлакатда истиқомат қилаётган ватандошларимизни ягона бир байроқ остида руҳан бирлаштирувчи ва айни замонда ҳар бир Ватандошдан керак бўлса бу ғоя учун жонини қурбон қилишга ҳам, яшатишга ҳам қодир, кучли бир ғоя керак. Замонавий давлат қурилиши олимлари ёхуд демократ либераллар орасида бу фикрга қарши чиқувчилар кўп. Иддао эса айни - ҳеч бир мафкура давлат мафкураси бўла олмайди! Конституцияда ҳам ёзилган қонун бу, дейишади.

Улар билан баҳсга киришиш ниятидан узоқ ҳолатда шуни таъкидлашим лозимки, мен Давлатга эмас жамиятга, ўзини онгли санаган ҳар қандай мамлакатга, миллатга уни кучли қиладиган ҳамда умид бахш этадиган мафкура кераклигини таъкидламоқчиман. Айрича, аслида мафкура давлат мафкураси бўлмаслиги керак иддаосини демократиянинг асоси сифатида тарғиб қилаётганларнинг қайси бири менга мафкураси бўлмаган (очиқ ёхуд махфий бу бошқа масала) ривожланган давлатни, мафкураси бўлмаган, ғояси бўлмаган, дунёда иддаоси бўлмаган кучли миллатни кўрсата олади? Албатта, на бундай миллат ва на бундай давлат бор.

Тарихий фалсафий мисоллар ва фикрлар борасида тортишишдан воз кечиб, асосий масала - бугунги кундаги бундай эҳтиёжни вужудга келиш сабабига тўхталсак.

Манфаатсиз сиёсат бўлмайди

Дунё сиёсий полигонида вазият нақадар кескинлашиб кетаётган бўлса, дунё иқтисодий ҳолати ҳам шунчалик оғир вазиятни бошдан кечирмокда. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг сўнгги ўн йилликда роли ва аҳамияти (таъсир кучи!)нинг кучсизланиш тенденцияси, унга аъзо гегемонликка даъвогар мамлакатларнинг истаганида халқаро қонун қоидаларга амал қилиб, истаганда очиқчасига амал қилмаслик ҳолатларининг кучаяётгани, ўрни келганда БМТ Хавфсизлик кенгашида баъзи давлатларнинг очиқча айтаётган ёлғонлари, истасакда-истамасакда қадам бақадам инсониятни учинчи жаҳон уруши сари олиб бораётганлигини кўрсатмоқда.

Инсоният таназзул сари кетмоқда. Жаҳонда ривожланган, ривожланаётган ва ривожланмаётган мамлакатлар ("третие страны" ибораси) деган иборалар халқаро сиёсий музокараларда кўлланилаётгани - Одам алайҳиссалом авлодларининг очиқчасига табақаланиши - зотан таназзулдир. Бу чиройли иборалар ортида аслида бойлар, ўрта ҳоллар ва кашшоқлар маъноси ётади. Бу табақаланишни муомалага киритган "бойлар" (ривожланган мамлакатлар) эса ўзида қашшоқлар (ривожланмаган мамлакатлар) устидан ҳукмронлик қилиш, уларнинг тақдири устидан ҳукм чиқариш ҳуқуқимиз бор, деган тушунчада яшамоқдалар. Ўз сиёсатини ана шу тушунчалар асосида олиб бормоқдалар. Шундай бўлмаса Европада бир йилда спиртли ичкиликларга сарфланаётган маблағ Африка қитъасидаги инсонларнинг тоза ичимликка бўлган эҳтиёжини тамоман қондиришга етиши каби ҳолатлар ўртага чиқармиди?!

Ривожланаётган мамлакатларга қараб ҳавасланаётган содда инсонлар кўп. Бундай давлатларнинг аксари бу ривожланишга миллиардлаб Давлат кредит қарзлари эвазига эришаётганлигини, бу қарзларни эса бугун қарз эвазига, гўёки "мазза қилиб яшаётган" - миллатларнинг эртанги болалари тўлаши лозимлигини, бунинг учун Давлат кимга қарздор бўлса ўшаларнинг шарти асосида сиёсат юритишга мажбур бўлиши, улар тавсия қиладиган китоблар ўқилиши, кинолар кўрилиши, ёшлар уларнинг тавсиялари асосида тарбияланиши, улар истаган ҳаёт тарзи секин-аста урф бўлиши шартлари мажбуриятга айланишини кўпчилик билмаса керак. Билсада бу ҳақда ўйламасликка ҳаракат қилади.

Бўлмаса олмасин кредитларни, биров мажбур қилмайди-ку, дер баъзилар. Тўғри ҳеч ким мажбур қилмайди очиқчасига. Фақат ўз ихтиёри билан "рози" қилинади. Бундай кредитларни олишдан бош тортган, кредит ортидан қўйилган шартларга норози ўлкалар инсон ҳуқуқлари топталишида, терроризмни қўллаб-қувватлашда, кимёвий қурол сақлашда, норасида гўдакларнинг қотиллигида ёки ўз халқига зулм қилишда айбланади. Исталган мамлакатда гўёки ҳурфикр демократлар хўрланаяпти, эркинлик топталаяпти баҳонасида революциялар уюштирилаверади. Жаҳонда қудратли деб билинган давлатнинг махсус хизмати раҳбари А.Д.нинг узоқ 1953 йилда "Биз исталган давлатнинг чегарасини жисмонан кесиб ўтмай, у ерда ҳукуматларни ағдариш технологиясини қўлга киритдик", деган эътирофини эслашнинг ўзи кифоя. Токай ўша "қулоқсиз" давлат бошига ташқи кучларнинг исталган одамлари бошчилигидаги, уларнинг қоидаси асосида давлат сиёсати олиб боришни истовчилар ҳукумати давлат тепасига келтирилмаганига қадар бундай ишлар давом этаверади. Мисоллар келтириб ўтирмаслигимнинг сабаби иккита: биринчиси, бу ҳақиқатларни англаш зеҳниятига эга инсонлар қайси давлатларни назарда тутаётганимни шундоқ ҳам билади, иккинчиси, у давлатларнинг номи мисол келтираверилиб сийқаси чиқиб кетди. Ортиқ ўқувчи бу мамлакатлар номини эшитса, кўнгли айнийдиган даражага келиб қолди. Албатта, бу ишларнинг барчаси мафкуравий йўллар, технологиялар, инсонлар онгини бошқариш, омма тафаккурини зарур йўналишда шакллантириш каби илмлар, фанлар ёрдамида амалга оширилади. Буларнинг барчасини ортида қайси мамлакат турибди дерсиз? Буларнинг ортида мамлакатлар эмас трансмиллий корпорациялар турибди. Факат ижрочилар сифатида баъзи мамлакатлар, ҳалқаро ташкилотлар қўлланилади холос. Қисқаси дунё сиёсати майдонида манфаатсиз сиёсат бўлмайди.

Ошқозон миядан ақлли...(ми?)

Ҳар куни дунёнинг барча нуқтасида уруш бормоқда. Урушки - совуқ қуролларсиз, ўқларсиз, қонларсиз аммо қурбонларсиз эмас. Информацион қўшинлар тинимсиз бутун дунёда ҳар сония - телевизорингиз ёниқ, телефон ёки компьютерингиз интернетга уланган ҳар сонияда сизнинг, болангизнинг, аёлингизнинг онгу шуурини забт этиш учун уруш олиб бормоқда. Мақсад эса битта - инсониятни маънавиятидан, руҳиятидаги аҳлоқдан мосуво қилиб, уни яшашдан мақсади - фақат истеъмол қилишдан иборат маҳлуққа айлантиришдир. Раҳматли Чингиз Айтматовнинг бир гапи бор: ''ошқозон миядан ақллироқдир, чунки қайт қилиб ташлашни билади, мия эса ҳар қандай ахлатни ҳам ютаверади''.

Телефонингизда интернет орқали келаётган рекламаларга, аниқроғи рекламадаги ҳолатларга эътибор қилинг: реклама қилинаётган маҳсулот олд планда бошқа, аммо орқа планда реклама ролигидаги оҳанг, кийиниш услуби, ўзини тутиш нормалари бошқа. Гўёки маҳсулотни сизга тавсия этишади-ю, аслида эса сизнинг кўзингиз кўрмайдиган, аммо онг ости даражада таъсир этувчи йигирма бешинчи кадр онгингизни заҳарлайди. Сиз у маҳсулотни балки умуман сотиб олмассиз, аммо реклама онгингизнинг сиз билмаган нуқталарида ўз ишини қилиб бўлган бўлади...

Инсоният тарихи, маънавий ҳамда маданий, диний қадриятлари устидан кулиш орқали инсон онгини манипуляция қилиш - унинг маънавий илдизларига болта уруш - кўринмас информацион қўшинларининг стратегиясидир. Асосий мақсадларини фош этмаслик учун буларнинг барчаси кўнгилочар воситалар орқали амалга оширилади. Улар фатҳ этиб бўлган ўлкаларда эса уларнинг байроқлари марказий кўчалар ва биноларда осиғлиқдир. Уларнинг байроқлари - корпорация ва компанияларнинг брэндларидир. Шукрки, бизнинг мамлакатни бу инфоқўшинлар ҳозирча забт эта олгани йўқ. Аммо уруш давом этаяпти. Сўрарсиз, ким бу урушни олиб бораётганлар бизга қарши деб. Жавоб берай: тунги клубларда болаларингиз қайси мусиқалардан ҳузур қилаётганига, қайси услубда кийинаётганига, қайси интернет сайтларида "мазза" қилаётганига, ижтимоий тармоқлардан бир - бирига қайси видеоларни улашаётганлигига эътибор қилинг - саволингизга жавобни топасиз. Чингиз ака раҳматлининг ҳақлигига иймон келтирасиз.

Нима қилмоқ керак?

Бугун инсоният ана шундай таҳликали бир даврни бошидан кечираётганида, биз яъни миллати ва динидан қатъи назар Ўзбекистон ватандошлари трансмиллий корпорациялар қўлида ўйинчоқ бўлиб қолмаслик учун, яшаётганимиз Ватанимиз тупроғида қонлар тўкилмаслиги учун, болаларимиз эртага кўчада юришга қўрқмаслиги учун, одамийлик, одамгарчилик деб атайдиган миллий ўзлигимиз, миллий хослигимиз, турмуш тамойилимиздан маҳрум бўлмаслик учун, ЎЗБЕКИСТОН деган ДАВЛАТ боқий туриши учун нима қилишимиз керак?

Қилиниши керак бўлган иш кўп. Бу ҳакда четдан туриб маслаҳат берувчилар (асло ёмон маънода эмас!) баробарида ўз фикр мулоҳазалари билан бўлишаётган олимлару, оддий ватандошларимиз кўп. Бундай таклифлар порталда ҳам қалашиб ётибди аслида. Аммо бу борада менинг ҳам фикр билдириш ҳуқуқимдан фойдаланиб, айтадиган таклифларим бор.

Биринчи қадам ҳамиша оғир !

Биз миллат сифатида, энг аввало, ёлғондан воз кечишимиз керак. Машҳур Сингапур иқтисодий мўъжизаси ҳам аслида ана шу қадамдан бошланган эди. Ўзимизни алдашни бас қилиш айни онда ҳақиқатни қабул қилиш демакдир. Ишга ўн дақиқа кеч келса, премиядан маҳрум қилиб, иш соати олтида тугасада яна икки уч соат ишлатиб, айни маошни бериш ёлғондир! Беш иш кунига шартнома тузиб, олти кун ишлатиб, беш кунлик маош бериш ёлғондир! Ҳар куни ишга келиб кетиб, на ҳафталик, на ойлик мақсад қўймасдан, натижасиз ишлаш ёлғондир! Ўқитувчи, шифокор, нафақачи (нафакахўр эмас!), зиёлиларнинг жамият ижтимоий ҳаётида мавқеъи ва ижтимоий аҳволи паст бўлса, буюк келажак ҳақидаги ўйлар ёлғондир! Қирқ кунлик аскарликка бориб келиб, бир маротаба ўқ отмаган, автоматни бўлиш ва йиғишни билмаган аскарнинг ҳарбий гувоҳномаси ёлғондир! Ёшларни чиройли гапиришга (маддоҳлик қилишга) эмас, амалда жасоратли, ҳақиқатпарвар, принципиал, илмга муккасидан кетган, фидоий бўлишга; шаҳардаги шундоқ ҳам истаса бўш вақтини нима билан ўтказишни биладиган ёшлар эмас, қишлоқда меҳнатнинг тагида эзилиб, вақт топса кетмонини тутиб иш билан андормон бўлаётган қаҳрамон ёшларнинг ҳаётига маъно бахш этишга, ўз салоҳиятини ошириш учун имконият яратишга асосий эътиборини қаратмаётган ёшлар тарбияси учун масъулларнинг, ташкилотларнинг ишлари, ҳисоботлари ёлғон! Ўттиз уч миллионли халқнинг номидан бекорчиликда ўтириб смс йўллаб, қўшиқларга берилган атиги беш юз минг (агар ҳақиқатда шунча одам овоз берса!) берилган овоз орқали Ўзбекистон хитлари номи берилган қўшиқларнинг хитлиги ёлғон! То давлат раҳбари айтмагунча ёки тепадан топшириқ бўлмагунча нима иш қилиши кераклилигини билмай ўтирадиган амалдорларнинг фидоийлиги ёлғон! Миллат бақоси учун эртаю кеч тинимсиз ишлаяпман деб ўзини овутаётган, аслида Фаробий, Хос Ҳожиб, Маҳмуд Қошғарий, Достоевский, Толстой, Беҳбудий, Збигнев Бжезинскийларнинг асарларини ўқимаган масъулларнинг лаёқатлилиги ёлғон! Бир адолатсизлик ёки ҳақсизликни кўриб индамай кетиш жиноят эмаслиги ёлғон! Пора орқали мансабга ўтираётганларнинг давлатга хизмат қилиш даъвоси ёлғон! Пора олаётганларнинг ўзларини ҳожатбарор деб билишлари ёлғон! Биз бу ёлғонлардан воз кечишимиз керак.

Иккинчи қадам ҳам енгил эмас

Иккинчи қадам, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимини қайта ислоҳ қилишдир. Ислоҳ-ки фундаментал ислоҳ. Аҳолиси ўттиз уч миллиондан ортиқ мамлакат сифатида 63 тагина олий ўқув юртига эгалигимиз миллий илмий салоҳият тарафидан ночор эканлигимизни кўрсатади. Ҳар йили салкам олти юз минг битирувчидан етмиш мингга яқинигина ўқишга қабул қилинади. Қолганларининг тақдири нима бўлади? Бу ўқишга кириб битирганларнинг дипломлари нечта мамлакатда ўтади? Халқаро стандартлар талабларига нечта ОЎЮ жавоб берар экан? Ипидан игнасигача коррупция ўчоғига айланган бу тизимдан бутунлай воз кечиш лозим.

Давлат ОЎЮлари баробарида чет эл ОЎЮлари, хусусий ОЎЮлари очилишига имкон бериш керак. ОЎЮлари Европанинг аксарият давлатларида қўлланиладиган тизим асосида фаолияти қайта ташкил этилиши мақсадга мувофиқдир. Жумладан, ОЎЮларига талабаларни қабул қилиш имтиҳонсиз амалга оширилиши керак. Истаган битирувчи исталган ОЎЮга кириш имкониятига эга бўлиши керак. Аммо, контракт тўлови эвазига. Контракт тўлови микдори бозор шароитидан келиб чиққан ҳолда, албатта, қиммат бўлади. Ҳозирги даврда тахминан ўттиз миллион сўм атрофида. Бунинг натижасида ОЎЮлари ўртасида рақобат кучаяди. Профессорлик таркибини кенгайтиришга, шароитларни яхшилашга ҳаракат қилишади. Халқаро стандартларни қўлга киритиш орқали тақдим этаётган дипломларининг бошқа давлатларда тан олиниши учун имконият яратишади. Кўпроқ талаба жалб қилишга ҳаракат бошланади. Чунки қанча кўп талаба бўлса, ОЎЮлари шунчалик кўпроқ иқтисодий манфаат топади, ўқитувчиларига кўпроқ маош тўлайди. Имкониятларини кенгайтиради. Ҳар йили ёки семестр охирида Давлат стандарти асосида имтиҳон қилинади талабалар. Ўтмаганлар ҳайдалмайди. Қайтадан ўша йилни ёки семестрни қайтадан тўлов орқали давом эттиради. Албатта, кимдир халкнинг иқтисодий аҳволи боласини ўқитиш учун бунча кўп пул тўлаш имкониятини тополмайди дейиши мумкин. Биринчидан, Давлат ҳозир бу тизимга миллиардлаб ажратаётган ОЎЮларини молиялаштиришдан озод бўлади ва бу маблағларни Давлат грантлари Дастури ташкил қилиб, шу Дастурга йўналтириш имконияти пайдо бўлади. Давлат грантлари Дастури ОЎЮ тизимидан алоҳида бўлади. Бунда грант олишни истаган талабалар Дастурга маълум бир имтиҳон топшириб грантни қўлга киритиши мумкин бўлади. Яъни ўз йўналиши бўйича қўйилган талаб - баллни йиққан ҳолатда Дастур томонидан бир йиллик контракти тўлаб берилади. Бундан ташқари, исталган компания ва фирмалар ўзларига юқори малакали мутахассис тайёрлаш учун, кейинчалик маълум муддат ишлаб бериш шарти билан грантлар тақдим этади. Албатта, Давлат ёки хусусий грантлар бўлсин, уларни қозонишнинг ягона йўли илм синови бўлади. Табиийки, илми кучлилар грант асосида ўқишади. Натижада соҳадаги коррупция тугатилади, ёшларнинг катта қисми ОЎЮларида ўқиш имкониятига эга бўлади, Давлат миллиардлаб ҳаражатдан қутулади, ОЎЮлари ҳамда мутахассислар сифати ошади, мамлакат илмий салоҳияти ўсади, хусусий сектор ривожланади. Яна бир оддий тилда айтиладиган, оддий ҳақиқат бор - пули куйган совунни еркан деганларидай, бепул эришилган нарсанинг қадри бўлмайди. Яъники, одамлар пул топиш учун, сарфланган пулдан натижа олиш учун танбалликка чек қўйишга мажбур бўлади. Кенг профилли сифатсиз мутахассислардан, аниқ йуналтирилган тор профилли мутахассислар етиштирилади.

Соҳада амалга оширилиши керак бўлган яна иккита муҳим қадам бор. Биринчиси, дунёда шунча сиёсий жараёнлар бўлаётган, полит технологиялар қўлланилаётган бир даврда ўзбек илм оламига политология - сиёсатшуносликни қайтариш вақти келмадимикин?

Иккинчиси, ривожланаётган мамлакатлардаги ривожланишнинг асосий манбаси илм-фан ва технология ривожига эътибор эканлигини билганимиз ҳолда, турли аниқ фанлар, жумладан, техник йўналишда илмий изланиш, илмий янгилик яратаётган ёш олимларимиз илмий ишларини ёқлашда дуч келаётган сунъий тўсиқларни олиб ташлаш вақти келмадимикин? Масалан, техник соҳада илмий ихтиро қилган, ўз соҳасини мукаммал билган ёш олим, ўз илмий янгилигини илм оламида ҳимоя қилиш учун нега тарих, инглиз тили каби имтиҳонлардан ўтишга қимматли вақтини сарфлаши керак? Бу билан мен тарих еки инглиз тили аҳамиятини камситмоқчи эмасман. Фақат шиддат билан ривожланаётган дунёда, техника соҳасидаги янги ихтирони ёхуд тиббиёт соҳасидаги янги даволаш усулини тезроқ илмий оламга тақдим қилиш, бу технология ёки усул бўлсин, умуман илмий янгиликни мамлакат ижтимоий иқтисодий ҳаётига тезроқ тадбиқ этиш мамлакат ривожи учун фойдалироқ эмасми? Шахсан менинг ўзим ёши олтмишдан ошган мамлакатдаги саноқли флейболог ва ёш бўлсада соҳасида тенгсиз қон томир жарроҳларидан бир нечтасини биламан. Йиллардирки илмий иш ҳимоясидан олдин топширилиши керак бўлган инглиз тили имтиҳонидан ўта олишмаяпти. Чунки соҳасининг етук ва фидоийси сифатида ишдан айрилиб, инглиз тили курсларига қатнаш учун вақт тополмайди. Яна бир ажойиб инсон, беназир қон томир жарроҳи раҳматли Рустам Аҳмедов, йиллар давомида ўтказган муваффақиятли тажрибалари натижаларини илмий иш сифатида тайёрлаб, бу сунъий тўсиқлардан ўтиш учун яна икки йилини йўқотди. Бу орада оғир хасталикдан вафот этди. Мамлакатимиз эса бу соҳадаги илмий янгиликлар, илмий тажрибалар натижасидан бебаҳра қолди. Балки бундай талабларни соҳага қараб ажратиш мақсадга мувофиқ эканлигини тан олиш вақти келгандир?

Соғлиқни сақлаш тизимида соғлиқ суғуртасини жорий этиш, соҳанинг ривожланишига, давлатнинг соҳага сарф - ҳаражатини кескин камайтиришга сабаб бўлади. Энг асосийси кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати яхшиланади. Шукрки бу соҳада илк қадамлар ташлана бошланди.

Бу кўтарилган масалалар ўз ечимини топар ёки топмас, таклифлар ўрганиб чиқилар ёки чиқилмас, аммо, дунёда рўй бераётган ҳодисалар, янгидан янги таҳдидлар замонида миллатни бирлаштириб, уни яшатадиган кучли бир мафкура, янги бир тамойил бўлмас экан уч минг йиллик давлатчилик тарихига эга давлат таҳлика остида қолади.

Адолат давлатнинг тамалидир!

Миллий истиқлол ғояси ўтган 25 йил давомида ўз ишини ниҳоятда юксак даражада амалга оширди. Аммо, замоннинг ўзи олдимизга янги таҳликалар, янги шартлар, янги чақириқларни, янги шартларни қўймоқдаки, бугун янги бир ғояга эҳтиёж пайдо бўлди. Фикримча, бу ғоя юқорида келтирилган ислоҳотларни ўз ичига олган АДОЛАТЛИ ЖАМИЯТ - КУЧЛИ ДАВЛАТ ғояси бўлиши керак. Президент Шавкат Миромонович Мирзиёев ҳам ўз чиқишларида адолатнинг нақадар муҳимлиги ҳақида кўп тўхталмоқдалар. Зотан исталган давлатнинг тамали адолат эканлигини, бундай тамалга эга бўлмаган давлатлар тезда парчаланиб, таназзулга юз тутганлиги тарихдан маълум. Иқтисодий-ижтимоий ислоҳотлар айнан адолат тамойилига қурилмас экан давлат кучли бўла олмайди. Адолат тамойили фақатгина иқтисодий-ижтимоий, сиёсий соҳаларда эмас, ҳар бир хонадонда, жамиятимиз аъзолари орасидаги ўзаро ижтимоий муносабатларда, оилада, ҳар бир ватандошимиз турмуш тарзида акс этишига эришсакгина дунёда беназир кучга эга давлат қурдик дея оламиз. Бу албатта жуда катта сифатли маънавий тарғиботни тақозо этади.

Аммо, буни амалга оширишга киришишнинг ўзиёқ миллат сифатида янги бир иқтидорга эришаётганимизни кўрсатади. Чунки фақатгина миллатини Она, давлатини Ота ўрнида билиш орқалигина дунёда рўй бераётган ва бериши кутилаётган бўхронлардан давлатимиз ва қадриятларига содиқ миллатимизни қутқариб қолишимиз, тинчликни ва тўқликни, сокин ва таҳликасиз ҳаёт тарзини, ривожланган ва ҳимояланган иқтисодни, эркин келажак кафолатини болаларимизга таъминлай оламиз. Бунинг учун кучли ғоя керак: АДОЛАТЛИ ЖАМИЯТ - КУЧЛИ ДАВЛАТ ғояси. Зеро, миллатимизнинг азалдан жисми - одамийлик, руҳи - адолат бўлган. 

P.S. Биз юксак маънавиятли халқлигимиз ҳақида кўп иддаолимиз. Аммо, аччиқ бўлсада бир ҳақиқатни айтиб ўтишни, қилиниши керак бўлган кичик бир "ислоҳот"га ҳам тўхталишга эҳтиёж топдим. Юксак технологиялар асрида биз аввало қишлоқларимизда ҳожатхона ва ювиниш маданиятини ўзгартиришимиз керак. Ёқимсиз ҳидли, қиш кунлари исталган одамни шамоллатиб қўядиган ер ҳожатхоналаридан воз кечиш вақти келмадимикин?! Исталган инженеринг компанияси 2Х3 шаклдаги унитазли, ювиниш учун душга, сув иситиш ва тепасида бир тонналик сув бочкасига эга, замонавий кимёвий қоришмалардан тайёрланган енгил, иссиқ ҳамда совуққа чидамли  қаттиқ алюминь профиллардан ишланган конструкциялар лойиҳасини ишлаб чиқиши мумкин. Соҳа мутахассислари билан гаплашганимизда, бундай мобил конструкцияни тахминан уртача уч миллион етти юз минг сўмга яратиш мумкинлигини ҳисоблаб чиққандик. Бу лойиҳани серияли ишлаб чиқаришни йўлга қўйиб, аҳоли сотиб олишига имкон яратилса, ёмон ҳидда ўтиришдан қишлоқдаги ватандошимизни халос этсак, шояд ахлатнинг ҳидидан қайт қилиш рефлексимиз яна ишга тушиб кетса...      

Саид-Абдулазиз Юсупов