“Forbes” журналининг Россия нашри 2017 йилнинг 20 апрель куни Россиянинг энг бадавлат тадбиркорлари ҳар йилги рейтингини эълон қилди.  

Рўйхатда газ, нефткимё соҳаларида фаолият олиб борувчи Леонид Михельсон кетма-кет иккинчи йил биринчи ўринни эгаллади. Унинг бойлиги 18,4 млрд. долларга баҳоланди. Иккинчи поғонада қора металлургия, машинасозлик ва туризм билан шуғулланувчи Алексей Мордашов 17,5 млрд. доллар билан қайд этилган бўлса, кучли учликка асосий фаолияти металлургия ва транспортга боғлиқ бўлган Владимир Лисин 16,1 млрд. доллар маблағ билан якун ясаб берди.

Асли келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган россиялик тадбиркор Алишер Усмонов рейтингнинг бешинчи ўрнидан жой олди. Усмонов ўтган йилги рўйхат билан солиштирганда 2 поғонага пастлади. Унинг давлати 15,2 млрд. долларга баҳоланди. Ундан кейинги ўринда эса “Лукойл” компаниясининг 23 фоиз акциялари эгаси Вагит Алекперов 14,5 млрд. доллар билан эгаллади. Нефть соҳаси билан боғлиқ яна бир миллиардер Михаил Фридман эса бирданига беш ўринга тушиб кетиб, 7 поғонада қайд этилди – 14,4 млрд. доллар.

Янги рўйхатда “Челси” футбол клуби эгаси Роман Абрамович ўн иккинчи ўринда жойлашди. У аввалги рўйхат билан солиштирганда бир поғонага кўтарилди, давлати – 9,1 млрд. долларга тенг. Франциянинг “Монако” футбол жамоаси эгаси Дмитрий Рыболовлев 7,3 млрд. доллар билан 15-ўринни эгаллади. “Краснодар” жамоаси хўжайини Сергей Галицкий эса 6,8 млрд. доллар билан 18-ўринда қайд этилди.  

Асли келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган яна бир россиялик тадбиркор Искандар Маҳмудов бу йилги рейтингда 19-поғонани эгаллади. Унинг бойлиги – 6,5 млрд. долларга тенг. Асли келиб чиқиши доғистонлик бўлган Сулаймон Керимов эса бирданига 24 ўринга кўтарилиб, 21-поғонани эгаллади – 6,3 млрд. доллар.

“Спартак” футбол клуби эгаси ва “Лукойл” компаниясининг 9,8 фоизлик акциялари эгаси Леонид Федун 6,3 млрд. доллар билан 22-ўринда жойлашди. Россия президенти Владимир Путиннинг дўсти Аркадий Ротенберг эса 2,6 млрд. доллар билан 39-ўринни эгаллади.