Курдистон ишчи партияси террорчи ташкилоти ва унинг Суриядаги PYD ҳамда YPG каби бўлинмаларини бир ёқли қилиш вақти келди. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Қатарнинг «Ал-Жазира» телеканалига берган интервьюсида шундай фикрни илгари сурди. Туркия раҳбари, шунингдек, Дональд Трамп маъмурияти Барак Обама хатоларини такрорламаслигига умид билдирди. 

Унинг сўзларига кўра, ушбу ғоя Америка ҳукумати ва Оқ уй бошлиғи Дональд Трампга етказилган.

Туркия давлат раҳбари Вашингтоннинг КИПнинг Суриядаги шохобчалари билан алоқаларидан хавотирларини билдирди. Унинг қайд этишича, PYD ва YPG гуруҳларини Суриянинг Раққа шаҳрини озод қилишга жалб этиш жиддий хато бўлади. 

«Бир террорчи ташкилотига қарши иккинчисидан фойдаланиш тўғри эмас. ИШИД – террорчилик ташкилоти, аммо PYD YPG билан бирга Туркия миллий хавфсизлигига таҳдид солувчи террорчилардир», - деган Эрдўғон. Унинг қайд этишича, Туркия ва АҚШ стратегик ҳамкорлардир ва НАТО бўйича иттифоқчилардир. 

Оқ уйнинг янги маъмурияти YPG ва PYD гуруҳларига нисбатан қарашини ўзгартиришига қанчалик тайёр, деган саволга Эрдўғон қуйидагича жавоб берган: «Трамп билан учрашувимда бу масалани муҳокама қиламан. Ҳужжатлар тақдим этаман. Туркия ва АҚШ ўртасида КИПга қарши курашиш борасида келишув бор. Бу Барак Обама даврида ҳам мавжуд эди. Аммо, афсуски, Обама PYD ва YPG гуруҳларига қарши курашда Туркияни алдади. Умид қиламанки, АҚШнинг янги маъмурияти бу хатоларни такрорламайди».

Эрдўғон Сурияда кимёвий қурол қўлланилганини «инсониятга қарши жиноят» сифатида баҳолар экан, жаҳон ҳамжамиятининг салбий ёндашуви фақатгина ушбу қуролга нисбатан бўлмаслиги кераклигини айтган. 

«Агар Сурияда кимёви қуролдан 1500, 2000 ёки 3000 одам ўлган бўлса, оддий қуроллардан 100 минглаб одам ҳалок бўлди. Қуролларнинг тури қандай бўлишидан қатъи назар инсонлар ўлмоқда», - дея қайд этган Эрдўғон.