АҚШ давлат котиби Рекс Тиллерсон чоршанба куни Эрон сиёсати ва бу давлат билан ядро дастури бўйича келишувни кескин танқид қилиб чиқди. Унинг сўзларига кўра, Қўшма кенг кўламли ҳаракатлар режаси ўз мақсадига эришса, омадсизликка юз тутади, ҳамда Эрон келажакда Шимолий Корея йўлидан бориши мумкин.

Бундай баёнот АҚШ президенти Дональд Трампнинг Америка қатор маҳкамаларига Эрондан санкцияларни қисман олиш Вашингтон манфаатларига мос келганини аниқлаш бўйича топшириқ берганидан сўнг қилинди.

Шу билан бирга, АҚШ давлат департаменти бир кун аввал Эрон 18 апрель кунги ҳолатга кўра, келишувларга доир ўз мажбуриятларини бажараётгани ҳақида баёнот берганди.

Трампнинг ўзи эса Эрон билан келишув “ёмон” экани ва уни қайта кўриб чиқиш лозимлигини кўп бора айтиб ўтган.

Келишув омадсизликка юз тутмоқда

Тиллерсон ўз баёнотида Эронни кўплаб масалалар бўйича кескин танқид қилди. У Теҳронни терроризмни молиялаштириш, киберҳужумлар, Форс кўрфазида кемалар ҳаракатланишига тўсқинлик қилиш, инсон ҳуқуқларининг бузилишида айблади.

"Эрон – терроризмга ҳомийлик қилиш бўйича жаҳон етакчиси ва кўплаб можароларга масъулдир. Шунингдек, у АҚШнинг Сурия, Яман, Ироқ ва Ливандаги манфаатларига қарши қўпорувчилик ҳаракатларини қилган ва Исроилга ҳужумлар қилишда давом этмоқда", - деган у.

Бундан ташқари, Тиллерсон Эрон билан халқаро “олтиталик” воситачиларнинг келишувига қарши чиқди. Унинг фикрича, бу келишув Эроннинг ноядровий мақомини ушлаб туриш бўйича ўз мақсадига эришса, муваффақиятсизликка юз тутади.

"Қўшма кенг кўламли ҳаракатлар режаси Эроннинг ноядровий мақомига эришса, омадсизликка юз тутади. Бу фақатгина унинг ядро давлати бўлиш бўйича мақсадини ортга суради, холос. Бу келишув унинг келажакда Шимолий Корея йўлидан боришига имкон бериши мумкин", - дея айтиб ўтган давлат котиби матбуот анжуманида.

Унинг қайд этишича, “исботлар аниқ-равшан” ҳамда “Эроннинг фитна ҳаракатлари АҚШ, минтақа ва дунёга таҳдид солмоқда".

Тиллерсоннинг хабар беришича, АҚШнинг Эронга нисбатан “стратегик сабри” омадсиз усулдир.

Қарор қабул қилиш учун 90 кун

Оқ уй расмий вакили Шон Спайсернинг журналистларга айтишича, АҚШ президенти Дональд Трамп Эронга нисбатан кейинги ҳаракатлар бўйича қарорни АҚШнинг миллий хавфсизлик бўйича Кенгаши бошчилигидаги маҳкамалари келишувни диққатлик билан кўриб чиқишганидан сўнг қабул қилади. Тегишли тавсиялар 90 кун ичида ишлаб чиқилади.

Спайсернинг таъкидлашича, АҚШ “ўз ҳаракатлари қандай эҳтимолий эффект олиб келиши мумкинлигини яхши тушуниб турибди”.

Келишув ўзгартирилмайди

Теҳрон, ўз навбатида, келишув ўзгариши мумкинлигини кескин рад  этмоқда. Эрон ТИВ раҳбари ўринбосари Козим Сажапурнинг чоршанба куни маълум қилишича, “Эрон ўз мажбуриятларини бажармоқда”.

"Мен келишувни текшириш борасида бундай изоҳларни аввал ҳам эшитганман. Бироқ шунга эътибор қаратиш керакки, бу халқаро келишув эди, ҳамда ўйлашимча, бу босқичда ҳеч нимани ўзгартириб бўлмайди", - дея маълум қилди вазир ўринбосари “Валдай” Эрон-Россия ёпиқ муҳокамаси якуни бўйича журналистларга.

2015 йилнинг 14 июль куни Эрон ва “олтиталик” Эрон атоми бўйича кўп йиллик муаммони ҳал қилишга оид тарихий келишувга эришишди. Қўшма кенг кўламли ҳаракатлар режаси қабул қилинди, унинг бажарилиши эса Эрондан аввал БМТ Хавфсизлик Кенгаши, АҚШ ва Европа иттифоқи томонидан киритилган иқтисодий ҳамда молиявий санкцияларни олиб ташлайди. Режа 2016 йилнинг 16 январь кунидан кучга кирди.

Шу билан бирга, АҚШ Эронга нисбатан санкцияларни ракета дастури, инсон ҳуқуқлари ва Теҳронни терроризмни молиялаштиришда гумон қилиб, бекор қилгани йўқ.