Санкт-Петербург теракти ташкилотчилигида гумондорлар сифатида қўлга олинган Аброр Азимов ва Акрам Азимовнинг онаси фарзандларининг қўлга олиниши саҳналаштирилгани ҳақида гапирди. Унинг айтишича, Акрам Азимов аввалига Қирғизистоннинг Ўш шаҳридаги шифохонадан олиб қочилган.

Қирғизистонлик журналистларнинг Вазира Азимовага асосланиб хабар беришича, Акрам Азимов 14 апрель куни Ўшдаги шифохонада жарроҳлик амалиётидан ўтказилган. Аммо кейинги кунда уни ҳуқуқ тартибот органлари ходимлари қўлига кишан тақиб олиб кетишган.

«15 апрель куни Акрамни кўриш учун шифохонага келдим. У ерда менга Миллий хавфсизлик бўйича давлат қўмитаси бошқармаси ходимлари ўғлимни олиб кетишгани ҳақида айтишди. Мен бошқармага адвокат билан йўл олдим, аммо у ердагилар ўғлимни топиб бера олишмади. Бир неча кун ўтиб эса у Москвада пайдо бўлди», дейилган онанинг баёнотида.

Азимованинг таъкидлашича, унинг ўғлини шифохонадан олиб қочишган.

«Унинг чипта учун пули йўқ эди, унда паспорт ҳам йўқ. Бу беўхшов томоша, мен адолат истайман», деган она.

Азимовларнинг кичиги Билол Азимов эса «Интерфакс» мухбирига берган интервьюсида Акромга Россияда адвокат тақдим этишган, лекин оила аъзолари уни хусусий адвокат ҳимоя қилишини истамоқда. У акасининг айбдорлигига ишонмаяпти.

«Биз унинг айбдорлигига ишонмаймиз. Улар теракт ташкилотчилигига алоқадор бўлиши мумкин эмас. Улар айбсиз айбдор бўлишмоқда», — дея қайд этган у.

Билол Азимов акалари Жалолободда ер сотиб олиб, бу ерда уй қуришни истагани ҳақида айтган. «Акрам аввалроқ қайтганди, биз Аброрнинг келишини кутаётгандик, шундан сўнг қурилиш ишларини бошламоқчи эдик», — деган у.

Азимовнинг яқинлари берган кўрсатмаларга қарамай Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ҳеч қандай чора кўрмаяпти.

Унинг ўрнига Қирғизистон томони Санкт-Петербург теракти бўйича текширувларда Россия томони билан ҳамкорлик қилаётгани айтилган.

«Терактга алоқадорлиги гумон қилинган ва Қирғизистонда қачондир яшаган шахслар ҳақидаги маълумотлар алмашиш бўйича ҳаракатлар олиб борилмоқда», деган бошқарма вакили «Интерфакс» агентлиги мухбири билан суҳбатда.

Унинг қўшимча қилишича, теракт ижрочилигида асосий гумондор Акбаржон Жалилов ҳамда ака-ука Азимовлар Туркияда бўлганида экстремистлар томонидан ёлланган бўлиши мумкин.

Азимовнинг акаси Қирғизистондан Россияга депортация қилинди 

Азимовнинг қўшнилари агентликка берган маълумотига кўра, Аброрнинг она томондан бобоси таниқли диндор бўлган, ҳудуддаги масжидларда кўп йиллар имом бўлиб ишлаган, онаси Вазира Азимова эса мадрасада таълим олган. Қўшнилар бу оила вакиллари ҳеч қачон радикал характердаги диндор бўлишмаганини таъкидлашган.

Аброр ва Акрам Азимов 2014 йили Россия фуқаролигини олишган. Фуқаролик олиш вақтида ҳеч қандай қонунбузарликка йўл қуйилмаган. Россиянинг Қирғизистондаги консуллиги хабарига кўра, ўша вақтда уларга Россия фуқаролигини бермаслик учун ҳеч қандай асос бўлмаган. 

3 апрель куни Санкт-Петербург метросида рўй берган портлаш оқибатида 15 киши ҳалок бўлиб, 49 киши жароҳатланди.

Теракт ижрочиси келиб чиқишига кўра қирғизистонлик ўзбек бўлган 22 ёшли Россия фуқароси Акбаржон Жалилов экани айтилди. У шаҳардаги суши-барда ишлаган, кейинчалик унинг танишлари қўлга олинди.

У теракт куни қўнғироқ қилган Аброр Азимов теракт ташкилотчиси сифатида 17 апрель куни Москва яқинида қўлга олинди. Қўлга олиш вақтида унинг ёнидан тўппонча чиқди. 

Суд Аброр Азимовни ҳибсга олди

Унинг акаси Акрам Азимов эса 19 апрель куни Москвада қўлга олинган, унинг сумкасидан граната чиққан.

ФСБ Азимовнинг акаси қўлга олиниши жараёнини намойиш қилди

У бугун ФСБ томонидан теракт буюртмачиси сифатида эълон қилинди.