Қашқадарё вилояти Касби туманидаги “Комилон” қишлоқ фуқаролар йиғини котиби ва йиғин раиси вазифасини бажарувчи лавозимида ишлаб келган Рауфжон Болтаевнинг қинғир ишлари фош этилди. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” газетаси ёзмоқда.

Аввалига котиб вазифасида ишлаган Рауфжон Болтаев ҳамқишлоқларининг ишонч ва қўллаб-қувватлаши натижасида ҚФЙ раиси вазифасини бажарувчи лавозимини эгаллади. Бироқ Р.Болтаев янги мансабдан фойдаланиб, мўмай даромад топишни кўнглига тугиб қўйган кўринади. Чунки у котиб бўлиб ишлаган даврида болалар нафақаси ва кам таъминланган оилаларга тўланадиган моддий ёрдам пулларини “туя” қилиш сир-асрорларини яхшигина ўзлаштириб олган экан. Бу эса унинг раислик фаолиятида қўл келди. Масъулиятни унутган оқсоқол кўп ўтмай нафс йўлида қинғир ишларга бош бўлди.

Р.Болтаев ҚФЙга ёлланма норасмий ходим сифатида жалб этилган Мақсуда Ҳақназарова ва туман бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази инспектори Ҳасан Суяров билан жиноий тил бириктирди. Уларнинг кўмагида 2015 йилнинг январь ойидан 2016 йилнинг январь ойига қадар жами 19 миллион сўм миқдоридаги бюджет маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилиб юборади.

Р.Болтаев ва унинг ҳамтовоқлари аввалига тегишли қонун ҳужжатлари талабларига зид равишда иш олиб бориб, фуқароларга нафақа тайинлаш билан боғлиқ ҳужжатларни қалбакилаштиришади. Яъни махсус комиссия аъзоларининг имзоларини сохталаштириб, бир неча фуқароларга, жумладан, фуқаро Д.Ҳақназаровага бола парвариши учун 11 ой мобайнида жами 2 млн. 797 минг сўм, М.Бекназаровага 7 ой мобайнида 1 млн. 849 минг сўм, гарчи бола парвариши учун нафақа сўраб мурожаат этмаган бўлса-да, С.Минглиевага 9 ой мобайнида 2 млн. 131 минг сўм нафақа тайинлашади. Кейин эса ушбу пулларни уларнинг номидан расмийлаштирилган сохта аризалар билан пластик карточкаларига тушириб олиб, ўзлаштириб юборишади.

Шунингдек, Р.Болтаев ва унинг шериклари “Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низом талабларини ҳам мунтазам бузиб келишади. Р.Болтаев низом билан белгиланган талабларга масъулиятсизлик билан қараб, фуқаролар З.Қутбиддинова ва А.Искандарованинг ўртача даромади белгиланган мезондан ошиб кетган бўлса-да, уларга 6 ой давомида жами 1 млн. 101 минг сўм нафақа пули тўлаб юборилишига йўл қўяди.

Бундан ташқари, Р.Болтаевнинг масъулиятсизлиги оқибатида яна 6 нафар фуқарога қонунга зид равишда 3 млн. сўмдан ошиқроқ миқдорда нафақа тайинланади ва тўланади. Бу билан у фаолияти давомида жами 23 млн. 338 минг сўм миқдоридаги бюджет маблағини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилганлиги аниқланди. 

Жиноят ишлари бўйича Касби туман суди томонидан Рауфжон Болтаев, Ҳасан Суяров ва Мақсуда Ҳақназаровага тегишли жазо тайинланди.