Махсус интервью: Уруш қатнашчиси, ИИБ фахрий майори 90 ёшли Афанасий Иванов хонадонида...

Жамият 20 Апрель 2017 19382

Бугун сайт мухбири Тошкент шаҳар ИИББ ва Юнусобод тумани ИИБ томонидан иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, ИИБ собиқ майори Афанасий Иванов хонадонига ташриф буюрди. Шу йили ўзининг 90 ёшини нишонловчи уруш фахрийсига президент томонидан ажратилган 2 миллион сўм миқдоридаги мукофот пули топширилди. 

Қайд этиб жоизки, Афанасий Данилович Иккинчи жаҳон урушида иштирок этган ва бутун фаолияти давомида пойтахтнинг бир нечта туманлари ИИБларида сидқидилдан хизмат қилган энг ёши улуғ фахрий ҳисобланади. 

Бугунги учрашув давомида ИИБ ходимлари томонидан чиройли дастурхон тузалиб, ноз-неъматлар тортиқ қилинди. Кун.uz мухбири ҳам Афанасий Иванов хонадонига ташриф буюриб, уруш қаҳрамони билан суҳбат уюштирди. 

- Ҳурматли Афанасий Данилович, авваламбор сизни яқинлашиб келаётган “Хотира ва қадрлаш куни” билан табриклаймиз. Армияда 7 йил хизмат қилгансиз, 2 йил урушда бўлгансиз. Шафқатсиз жанг майдонларида ўтган дамларни қандай хотирлайсиз?

- Энг навқирон 16 ёшимда армияга олиб кетишди. Ҳамон эсимда, жанг майдонида бир-бирини душман деб санаётган халқлар аёвсиз кураш олиб борар эди. Ҳар томонда ўқ овози. Биздан эса бор-йўғи бир нарса қатъий талаб қилинар эди – у ҳам бўлса йигитлик бурчини аъло даражада адо этиш. Дастлаб Чегара қўшинларида хизмат қилдим. Берилган барча топшириқларни зийраклик билан уддалашга ҳаракат қилар эдим. Мен Иккинчи жаҳон уруши якунга етгунга қадар душманга қарши курашиб, хизматимни адо этдим.

- ИИБ соҳасини танлашингизга нима сабаб бўлган? 

- 1950 йилда армиядан қайтдим. Йўлда менга ҳамроҳлик қилган ўзбек дўстларим ички ишлар идорасига ишга киришни тавсия қилишди. Шу тариқа мен шу касбда фаолият олиб бора бошладим. Кейинчалик Юридик факультетга ўқишга кирдим ва оила ҳам қурдим. Бу соҳа машаққатли эканини билсам ҳам танлаган касбимдан бир зумга ҳам афсусланмаганман. Айнан шу касбга садоқатим туфайли туғилиб ўсган юртим Сибирга қайтиб бормай, Ўзбекистонда қолдим. 

- Сизни Ўзбекистон қайси жиҳатлари билан ўзига мафтун этган?

- Мен ўзбек ва рус халқларини ҳамиша – ака-ука, опа-сингиллар деб атайман. Сабаби, бу ерда сен қайси миллат вакили бўлишингдан қатъи назар, ўз мақсадларинга собит бўлсанг ва ҳалол яшасанг, бахтингни топасан. Мен ҳам бу ерда дўстларимни, яқинларимни топдим. Турмуш ўртоғим Татьяна (марҳума)ни учратиб, ажойиб фарзандлар – бир ўғил, бир қизнинг отаси бўлдим. Мен ҳаётимдан жуда мамнунман. Буларнинг барига эса Ўзбекистонда қўним топганим сабаб бўлди. Мана, ҳозир ҳам тутинган ўғилларим (милиция ходимлари) доим мендан хабар олиб туришади. 

Бундан ташқари, менга Ўзбекистоннинг ҳеч қаерда учрамас мевалари, ноз-неъматлари жуда ёқади. Бир сўз билан айтганда, ўзимни ўзбек ўғлони дейишдан фахрланаман. 

- Кўксингиздаги медаллар фаолиятингиз давомида жуда кўп мукофот ва унвонлар билан тақдирланганингиздан дарак бериб турибди...

- Ҳа, мени ҳозиргача ҳам фахрий ёрлиқлар, совғалар, пул мукофотлари билан тақдирлаб келишади. Аслида, мен учун улардан кўра, шогирдларим ва халқимнинг биргина эътибори катта аҳамиятга эга.

- Афанасий Данилович, мана сиз 90 ёшни қаршилаганингизга қарамай, жуда ёш ва навқирон кўринасиз. Айтинг-чи, бахтли яшаш сирингиз нимада?

- Аслида, узоқ умр кўришнинг асосий талаби – бу соғлом ҳаёт кечириш ва бахтдан ёниб яшашдир. Мен айнан шу қоидага амал қилдим. 40 ёшга етганимда энг ёмон одатим – тамаки чекишни ташладим. Кейин эса, доим спорт машғулотларини бажариб келардим. Танлаган касбим оғир бўлишига қарамай, вазминлик билан ишлашга, ҳалол яшашга ва яқинларимга доим меҳр улашишга ҳаракат қилдим. Бундан ташқари, тўғри овқатланиш ҳам умрни узайтиришда катта роль ўйнайди. Ёшларга тановул қилаётган маҳсулотларига эътибор беришларини тавсия қиламан. Сабаби, организмни ортиқча муаммолардан асраш – ўзимизнинг бурчимиздир.

Бу инсон билан ўтган суҳбат шу қадар қизиқарли тус олдики, менимча уруш фахрийси бошдан кечирган ҳаёт йўлини тинглаш учун бир кун ҳам камлик қилади. Бироқ мен қаҳрамонимни толиқтириб қўймаслик мақсадида суҳбатнинг шу жойида якун ясашга қарор қилдим. 

Самимий, болаларча беғубор, кўзидан меҳр учқунлари чақнаб турган Афанасий Ивановга фарзандлари ва набиралари, шунингдек, севимли издошлари қуршовида яна узоқ йиллар бахтли ҳаёт кечиришини тилаб қоламан. Тилагим эса орамизда ана шундай ўз ишига, яқинларига, муҳаббатига садоқатли инсонлар кўпаяверсин. 

Феруза Авазова суҳбатлашди

Кўпроқ янгиликлар