Венесуэла PDVSA компаниясининг АҚШдаги бўлинмаси Citgo орқали президент Дональд Трамп инаугурациясига 0,5 миллион доллар миқдорида маблағ ажратган.

Ассошиэйтед Пресс маълумотига кўра, бу пуллар Трампнинг лавозимига киришиш маросимига тайёргарлик кўриш доирасида қилинган корпоратив тўловлардан бири бўлган. Шу билан бирга, Citgo маблағлари Американинг Pepsi (250 минг доллар), Walmart (150 минг доллар) каби йирик компаниялари берган маблағдан кўпроқ ҳамда JP Morgan Chase ва Exxon (500 минг доллардан) тўловлари билан бир хил даражада бўлган.

АҚШ янги президенти Дональд Трамп ўз инаугурацияси билан боғлиқ харажатлар учун рекорд маблағ – 107 миллион доллар йиғишга муваффақ бўлди. Трампнинг инаугурация қўмитаси маълумотига кўра, бу 2009 йилдаги рекорддан икки бараварга кўп. Ўшанда Барак Обаманинг биринчи инаугурациясига 53 миллион доллар маблағ йиғилганди. Таъкидланишича, сайловлар бўйича федерал комиссия харажатлари қопланганидан сўнг, ортиб қолган пуллар хайрияга йўналтирилади.

Сўнгги йилларда Венесуэла ва АҚШ муносабатлари бир қадар мураккаб бўлиб турибди. Айни дамда ҳар икки давлатда ҳам элчилар йўқ, уларнинг вазифасини вақтинчалик тайинланганлар бажармоқда. 2016 йилнинг ёзида эса Венесуэла президенти АҚШга элчи тайинлаш ва Вашингтон билан муносабатларни яхшилашга тайёрлигини билдирди.