Оғриқли прописка муаммоси қачондир ижобий ҳал этиладими: вазият ва мулоҳазалар

Жамият 20 Апрель 2017 65268

Шу кунларда Кун.uz почтасига икки мурожаат келиб тушди. Келинг, бу борадаги фикрларни баён қилишдан аввал, фуқароларимизнинг мурожаатларини ўқиб кўрсак.

«Исмим Ихтиёр.

Кун.uz сайтини мунтазам кузатиб бораман. Жамиятимиздаги ўзгаришлар, ечимини топмаган масалалар, ҳуқуқларнинг поймол бўлаётгани, уларни очиқ-ойдин кўрсатиб беришларингиз диққатга сазовор бўлмоқда.

Мен — ўқитувчиман, фаним бўйича бир нечта кўрик-танловларда совринли ўринларга эга бўлдим. 6 йилдан бери қийнаб келаётган биргина муаммо — ўзим сотиб олган ер участкасига ўз меҳнатим билан қурган уйда бугун ижарада туриб, вақтинчалик рўйхатга қўйилиб, ишлаб келмоқдаман.

Сирдарё вилоятидан Тошкент вилоятига келган бўлсам-да, қариндошларимнинг аксарияти шу ерда истиқомат қилишади. Доимий рўйхатга қўйишни илтимос қилиб президентга ҳам ёздик, ички ишлардан келган хатга кўра, биз рўйхатга қўйилиши мумкин бўлган тоифага кирмас эканмиз.

Шунда ўзимга савол бердим: мен қайси тоифадаги фуқароман?

Қонунни ижроси билан шуғулланадиганларга эътирозим йўқ, ўша қонунни ишлаб чиқадиганларга «биз ҳам ҳалқингизнинг бир бўлагимиз», дейман, холос. Сирдарёда отам ҳам, акам ҳам бир касб, бир фан эгаларимиз, у жойда менга иш йўқ, ҳозирги ишлаётган жойимда яъни, Тошкент вилоятида бир эмас, икки эмас, мен билган учта мактабда мутахассис етишмайди, шулардан ҳозирда иккитасида ишлаб келмоқдаман.

Намунали қурилаётган уйларни сотиб олиб доимий рўйхатга қўйилишига оид маълумотларни ўқиб, ҳисоб-китобини қилсам — мен учун «ўҳ-ҳў» экан.

Порталга таклиф сифатида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига «грин-кард» тизимини менталитетимизга мослаштирилган вариантини қўллаш таклифини бергандим бу таклифим ҳам қанчалик тўғри, билмадим, ахир барчамиз Ўзбекистон фуқаросимиз.

Нима бўлганда ҳам Ватанимни дейман, ҳар тонг уйғониб тинчлик нафасини олганимга шукроналик келтираман, албатта, кўнгилим хотиржамлиги, ҳаловати ҳар кунимиз тинч бўлишига ишонаман. Сизлардан илтимос, ушбу мавзудаги муаммоларни кўпроқ ёритсангизлар, инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, Омбудсман ва бошқаларга бизлардаги муаммоларни ойна қилиб кўрсатсангизлар».

* * *

«Айтинг-чи, Кун.uz таҳририяти, нима учун виртуал қабулхона ва халқ қабулхоналари ташкил этилди? Улар қай тартибда аҳоли мурожаатларини кўриб чиқиши керак?

Мен, Ҳамраева Шаҳноза, 7 йил бурун турмуш ўртоғим (асли жиззахлик) Ҳамраев Бахтиёрни ўзим яшайдиган ва доимий пропискада турадиган Олмазор тумани, 2-гуручариқ кўчаси 4-уй ҳудудига доимий, ҳеч бўлмаганда, вақтинчалик рўйхатга қўйиш учун ҳокимлик, халқ қабулхоналари орасида сарсон бўлмоқдаман? Доимий рўйхатга қўйиш бўйича Олмазор туман ҳокимлиги «уйларинг бузилиш ҳудудида» деб, аризамга рад жавоб берди.

Битта кўча неча йилдан буён бузилиш ҳудуди ҳисобланиши мумкин, ахир?

Шу масала юзасидан Халқ қабулхонасига мурожаат қилиб борганимда ҳокимлик ишларига аралаша олмасликларини рўкач қилиб, шаҳар ҳокими қабулига 34-бўлиб ёздиришди. «Ҳомиладорман, 2 ойдан сўнг туғуруқ таътилига чиқишим керак, эримнинг доимий пропискаси бўлмагани сабабли ишга қабул қилишмаяпти», дейишимга қарамай, «бизнинг қўлимиздан келгани шу, ҳокимга буйруқ бера олмаймиз», дейишди.

Шундан сўнг президент виртуал қабулхонасига мурожаат билан чиқдим. Тошкент шаҳар ИИББга (230-38-21, 2-қават, 10-хона) чақиришди. Афсуски, Олмазор туман ҳокимининг хатидан битта нусха олиш учун чақиришган экан. Ана ўша хатнинг нусхасини факсдан ёки “Телеграм”дан узатсам ҳам бўларди.

Хуллас, яна гап ўша — ҳокимга бориб тақалди. Ҳоким қарор чиқарсагина эрим прописка қилинар экан, бўлмаса йўқ. Бошқа турар жойга кўчиб ўтишим керак экан. Ана ўшанда эрим прописка қилиниши мумкин экан. Бошқа турар жойим бўлмаса, қаерга кўчиб ўтаман? Иккинчи фарзандим туғилса, уни қаерга пропискага қўяман? Туғуруқ таътилига чиқсам мени ва икки боламни эрим боқиши керак-ку, у доимий ишга жойлашса, кўплаб имтиёзларга эга бўламиз-ку? Мен иш сўраб ёки ёрдам пули сўраб мурожаат қилмаяпман, фақатгина ўзимнинг қонуний турмуш ўртоғим, фарзандларимнинг отасини доимий рўйхатга қўйишни сўраяпман, холос. Бир ҳудудни неча йил бузилиш ҳудуди, деб айтиш мумкин, ҳурматли таҳририят?!

Виртуал қабулхонага не умидлар билан хат ёзгандим ҳаммаси кўзбўямачилик ва хўжакўрсингами? Ҳокимликка виртуал қабулхоналарнинг тиши ўтмайдими? Ҳокимлик монопол ташкилотми, йиллар давомида бир тайинли хулоса чиқармайди? Мен яна неча йил шу аҳволда юраман? Ҳокимлик ўзига монопол ташкилотни яратиб олган бўлса, халқ қабулхоналарини очишдан нима наф бор?».

* * *

Шубҳасиз, шаҳри азим пойтахтимиз ва Тошкент вилоятида прописка муаммоси мингларни қийнаб келаётган муаммолардан саналади. Ўзи пулига уй олиб, уни шаҳарлик танишларининг номига расмийлаштириб, ўзи ижара шартномаси билан турганлар қанча.

Айниқса, пойтахтда шундай истиқомат қилаётганларнинг аксарияти ўқитувчи, шифокор, турли вазирлик ва идораларда, ташкилотларда  халқимизга ҳалол хизмат қилишмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг VII боб 28-моддасида “Ўзбекистон Республикаси Фуқароси Республика ҳудудида бир жойдан иккинчи жойга кўчиш, Ўзбекистон Республикасига келиш ва ундан чиқиб кетиш ҳуқуқига эга. Қонунда белгиланган чеклашлар бундан мустаснодир”, деб белгилаб қуйилган.

Фуқароларнинг пойтахт ва Тошкент вилоятида доимий яшашини чекловчи битта қонун, битта қарор ва битта низом бор.

Ўзбекистон Республикаси Олий мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан 2011 йил 14 июлда қабул қилинган, Сенат томонидан 2011 йил 26 августда маъқулланган ва 2011 йил 14 сентябрда қонуний кучга кирган “Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар — Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида”ги Қонун бор.

Шу қонун иловасининг 5-бандига кўра Ш.Ҳамраеванинг турмуш ўртоғи у доимий яшаётган манзилга монеликсиз прописка қилиб берилиши керак, ахир уларнинг турмуш қурганига талаб этилганидек камида 1 йил эмас, 7 йил бўлган.

Тошкент шаҳри, Олмазор туман ҳокимлиги нима важ кўрсатиб, Ш.Ҳамраеванинг эрини пропискага қўйилишига монелик қилаётгани бизга номаълум, лекин ҳудудда қачондир уйларнинг бузилиши — ҳужжатларга кўра — доимий пропискага қўйишни рад этиш учун асос бўла олмайди.

Иккинчи меъёрий ҳужжат — 2012 йил 16 февралдаги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар — Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида”ги Қароридир.

Ушбу қарорга 2016 йил 7 октябрдаги Вазирлар Маҳкамасининг №336-қарори билан ўзгартиришлар киритилган ва бугунги кунга келиб 60та давлат ҳокимияти органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, Республика аҳамиятига молик бошқа давлат ташкилотлари ходимлари монеликсиз доимий пропискага қўйилишади.

Пойтахтда ва Тошкент вилоятида пропискани тартибга солувчи яна бир ҳуқуқий ҳужжат — “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш тартиби тўғрисидаги йўриқнома” ҳисобланади.

Юқорида айтиб ўтилган қарорга кўра асли сирдарёлик ватандошимиз Ихтиёрнинг Тошкент вилоятига доимий пропискага қўйилиши учун ҳуқуқий асос яратилмаган. Шунинг учун бу фуқаро вақтинчалик пропискага қўйишдан фойдаланиб, ўқитувчилик қилиши мумкин.

Тўғри, бу барибир вақтинчалик ҳисобланади ва хавфсизлик чораси сифатида жорий этилган. Барибир қачондир бекор қилиниши турган гап. Бу босқичма-босқич амалга оширилиб бормоқда ҳам.

Жуда кўплаб давлат ташкилотлари ходимларига прописка учун рухсат берилганини инобатга олсак, камида 5 йил вақтинчалик прописка билан пойтахт ва пойтахт вилоятида узлуксиз ишлаб юрган мактаб, коллеж ва олий ўқув юртлари ўқитувчилари, шифокорларга ҳам уй харид қилиш ва пропискага қўйиш учун дарҳол имкониятлар тақдим этилса, халқ учун ишлаётган жонкуяр ўқитувчилар ва шифокорлар учун айни муддао бўлар эди. Чунки улар ҳам давлат ташкилотида ишлашади.

Юқоридаги фикрларни Ихтиёр кабиларни ўйлаб битдим. Улардек қийналаётганлар жуда кўп.

Улардан ташқари, йиллаб ишлаётган, вақтинчалик пропискасини чўздириб юрган, тайинли уй-жойи, иш берувчиси билан меҳнат шартномасига эга бўлган, қонун билан муаммоси бўлмаган барча фуқаролар учун ҳам прописка очилиши нур устига нур бўлар эди. Умуман олганда, вақтинча прописка олган фуқаролар 2- ё 3-марта вақтинча рўйхатини узайтирганидан сўнг автоматик равишда доимий рўйхат ҳуқуқига эга бўлиши ҳам керак.

Албатта, Тошкентда ишламайдиган, бироқ мўмай даромад орттириб, Тошкент шаҳридаги янги қурилган уйлардан сотиб олган айрим вилоятлик фуқароларга дарҳол пропискага қўйилишига ижозат текканда, бу ҳам бир қадар адолатли қарор бўлар эди.

“Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари” йилида ана шу оғриқли муаммо ҳам мутасаддилар томонидан ижобий томонга албатта ҳал этилишига шахсан мен ишонаман.

Шуҳрат Шокиржонов

 

Кун янгиликлари
Ҳурматли абитуриентлар, сизнинг ҳали Олий ўқув юртига ўқишга кириш имкониятингиз бор!
09:55 20300 Lifestyle
Фарғона вилояти ҳокими Сўх тумани, уй-жой муаммоси, табиий газ ва аҳолининг бошқа муаммолари ҳақида (видео)
20:30 / 21.08.2017 23678 Жамият
Artel Technical School «Келажак мактаби» ўқув нархларини пасайтирмоқда!
20:02 / 21.08.2017 12126 Жамият
KUN.UZ хайрия акцияси: Жаҳонгирнинг бир оёғида операция ўтказилди, йигит барчадан миннатдор
19:03 / 21.08.2017 13111 Жамият
Ўзбекистон қачонгача ривожланаётган давлатлар қаторида қолади?
16:20 / 21.08.2017 42391 Ўзбекистон
Ногиронлик ва мазлумлик исканжасида: бир аёл яхшилар саховатидан умидвор 
15:55 / 18.08.2017 53525 Жамият
Кун.uz офис изламоқда
15:48 / 06.08.2017 48049 Lifestyle
ОАВ: Барселонадаги теракт ижрочиси ҳужумдан 4 кун аввал Парижга борган
17:59 297 Жаҳон
Мактаб ва поликлиникалардаги бухгалтериялар қисқартирилади
17:57 752 Жамият
КХДР Гуам оролига уюштириладиган тахминий ҳужум  видеосини тақдим этди
17:55 729 Жаҳон
Кўпроқ янгиликлар