Ота-онага яхшилик қилиш, уларга меҳрибончилик кўрсатиш ва бунинг одоблари ҳақида неча асрларки ёзиб келинади. Бундан кейин ҳам яна кўплаб мақолалар, китоблар ва бошқа битиклар қаламга олинади, албатта. Бунинг сабаби бу улуғ ишлигидадир.

Эсимда, бир вақтлар Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Россия президенти Дмитрий Медведев билан учрашганда телефони жиринглаб қолади. У президентнинг гапини бўлиб, “узр, онам қўнғироқ қиляпти”, деб ўзини четга олади ва қўнғироққа жавоб беради. Мана шу воқеа анча вақт шов-шув бўлди. Жумладан, одамларимиз орасида ҳам. Аслини олганда бу табиий бир ҳол, ўғилнинг онага кўрсатган эҳтироми эди.

Сайтимиз орқали хитойлик ижодкорлар томонидан она мавзусида суратга олинган видеоролик тақдим этилди. Унда бетоб қизига ширин овқатлар тайёрлаб бериш учун олис ва машаққатли йўлни босиб ўтган она ҳикояси келтирилади. Бу материал ўқувчилар томонидан илиқ қабул қилинди. Аслини олганда, бу бир табиий ҳол, она ўз фарзанди учун минг машаққатга розидир. Бу шунинг аломати эди.

Бу мавзу ҳақида ёзишимдан асл мурод нима, биласизми? Ота-онага яхшилик қилиш масаласи биз учун нотабиий, ҳайратланарли ва ажабланарли мавзу бўлмаслиги керак. Чунки бу хулқ, бу одоб биз ўзбекларнинг қон-қонига синган абадий эътиқодимиз тимсолидир.

Куни-кеча бир воқеага гувоҳ бўлдим. Ишдан қайтиб, уйга қайтаётганимда мендан ўн қадамлар узоқликда 13-14 яшар қизча кетаётган эди. Шунда уни онаси чақириб қолди. У “ҳа” дея жавоб қайтарди. Онаси уни яна чақирди. Шунда ўша қиз ёнимдан ўтаётганда шивирлаб бир гапни айтди-ки, уни эшитиб аъзои-баданим вижирлаб кетди: “Зз.... бунча қичқиради”. Қизчанинг нима сабабдан бундай дегани менга қоронғи, қизчанинг нима сабабдан бундай ҳақоратли сўз ишлатгани менга номаълум. Аммо унинг онасига, ҳа айнан онасига (мен бунга аминман, чунки у “қизим” деб чақирди) нисбатан ҳақоратли сўзни эшитганим рост.

Мен диний уламо эмасман, аммо келажакдаги бараканинг, халқимиз тилим билан айтганда кишининг “косаси қандай қилиб оқариши” мумкинлигидан хабардорман. Миллионерлар томонидан маслаҳат тарзида, яъни қандай бойиб кетиш, фароғатда яшаш, ҳаётда ўз ўрнини топиш ҳақидаги мақола ва китобларни кўп ўқиганмиз. Аммо ишонч билан айта оламанки, ота-онага яхшилик қилмай, буларнинг ҳеч бирига эришиб бўлмайди.

Ўспиринлик давримда бир қизни яхши кўриб қолдим. Ота-онам: “Сен хали ёшсан, ақлингни йиғ. У қиз сенинг синфдошинг. Уйланишга эрта...”, деган ўгитларидан ўзимча жазавага тушиб, раҳматли бобомларникига қочиб кетгандим. Ўшанда бобомникида ўн кунча турдим, бунга улар қўйиб бердилар. Кетар чоғимда ёнларига олиб шундай дедилар: “Ўғлим, оғирроқ бўлинг. Ота-онангиз нима деса хўп денг, улардан келгани савоб”.

Бу гаплар ўшанда ақл-шууримга кириб бормаган эди, аммо уйга қайтгач, онамнинг кўзларига қараб, жуда ўзимга ибрат олмаган бўлсамда, ҳар ҳолда бошқа жазавага тушмадим. Йиллар ўтиб, оқнинг ва қоранинг асл ранги қанақа эканлигини тушунганимда, бобом берган ўгитнинг ва бу ўгит замирида ётган асл ҳақиқатнинг нима эканлигига шахсан гувоҳ бўлдим.

Билганим шу бўлди-ки, ҳар қандай муваффақият замирида ота-онага бўлган яхшилик ётади. бу айни ҳақиқатдир. 

Сарвар Анвар ўғли