Татаристонда Россиядаги федерал даражадаги илк исломий телеканални ишга тушириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда республика муфтиси Комил Самигуллин маълум қилган.

"Бутунроссия мусулмон телеканали йўқлиги – долзарб муаммодир. Татаристонда шундай медиалойиҳа иш бошлаши керак: у Россия мусулмон халқларининг маънавий-маърифий қадриятлари ва миллий маданиятларини оммалаштиришга хизмат қилади", — дея муфти сўзларидан иқтибос келтиради Татаристон Мусулмонлари диний бошқармасининг расмий сайти. 

Ислом арбоблари федерал телеканалларда Ислом динига доир дастурларни кўпайтириш зарурлиги хусусида бир неча бора таклиф билдиришган. 13 йил мобайнида "Россия-1" телеканалида "Мусулмонлар" номли дастур эфирга узатилди. Айни вақтда ушбу ёпилган дастурни қайта йўлга қўйиш имконияти муҳокама қилинмоқда. 

Шунингдек, Самигуллин ОАВ учун диний-этник мазмундаги хабарлари ёритиш бўйича стандарт ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ бўлишини айтган.