Президент бошчилигида шу йилнинг 5 январь ва 7 февраль кунлари соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан бўлган учрашувларда, шунингдек, давлат раҳбари раислигида 30 март куни ўтказилган видеоселектор мажлисида тиббиёт ходимлари малакасини юксалтириш ва уларни қайта тайёрлаш масаласига алоҳида тўхталиб ўтилган эди. Хусусан, Президент Тошкент врачлар малакасини ошириш институти фаолиятини танқидий ўрганиб чиқиб, уни ривожлантириш бўйича таклифлар тайёрлаш лозимлигини ҳам таъкидлади.

Шу йилнинг 4 апрелида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг қабул қилиниши ана шу йулда ташланган муҳим қадам бўлди.

Хўш, ушбу ҳуқуқий ҳужжатга кўра, тиббиёт ходимларининг малака ошириш ҳамда қайта тайёрлаш тизимида қандай янгиликлар юз берди? Шифокорларнинг узлуксиз таълим олиши учун қандай имконият ва имтиёзлар берилмоқда? Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фан ва ўқув юртлари бош бошқармаси бошлиғи Ўктам Исмоилов қуйидагиларни гапириб берди.

– Ҳужжатда асосий эътибор малакали тиббиёт кадрлари тайёрлашнинг жаҳон талабларига жавоб берадиган ягона ташкилий тузилмасини яратишга қаратилган, – деди Ў. Исмоилов. – Ушбу мақсадда Германия, Франция, Америка Қўшма Штатлари, Япония, Жанубий Корея, Россия тажрибаси ўрганилди. Улардаги ноёб амалиётлар, ўқитиш услублари, ўқув дастурларидаги ўзига хосликлар таққосланиб, мамлакатимизда жорий этилмоқда.

Хабарингиз бор, авваллари мамлакатимизда тиббиёт ходимлари малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш учта муассасада — Тошкент врачлар малакасини ошириш институти, Самарқанд давлат тиббиёт институти ва Андижон давлат тиббиёт институтининг малака ошириш факультетларида амалга оширилар эди. Ҳозирда юртимизда 72 мингдан ортиқ шифокор фаолият юритаётганини инобатга олсак, атиги учта муассаса улар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш вазифасини тўла-тўкис амалга ошира олмаслиги яққол намоён бўлади. Жойларга чиқиб ҳақиқий ҳолат ўрганилганда, айрим мутахассислар “қоғозда бору, амалда йўқ” қабилида малака ошириб келаётгани ҳам аниқланди.

Шу боис, реал эҳтиёждан келиб чиқиб, эндиликда тиббиёт ходимлари малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш имконияти нафақат Тошкент врачлар малакасини ошириш институти, балки барча тиббиёт олий таълим муассасалари ҳузуридаги врачлар малакасини ошириш факультетлари, кафедра ва курслари, тиббиёт олий таълим муассасалари клиникалари, республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, илмий-тадқиқот муассасалари, Республика даволаш-профилактика муассасаларига ҳам берилди. Бу қулайлик шифокорларнинг узлуксиз малака ошириши ва қайта тайёрлаш курсларида ўқиш учун узоқ навбатлар ҳосил бўлишини олдини олишда, турли ўқув муассасалари ўртасида рақобат муҳитини шаклланиши, энг муҳими, тизимнинг сифатли ва самарали ишлашига хизмат қилиши шубҳасиз. Яна бир эътиборли жиҳати шундаки, юқоридаги муассасаларнинг кадрлар салоҳияти ва моддий-техник базасидан фойдаланиш орқали тиббиёт ходимлари малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш имкониятлари янада кенгаяди.

Тиббиёт соҳасида фаолият юритаётган мутахассис учун малака ошириш энг муҳим босқичлардан ҳисобланади. Чунки айни шу жараёнда соҳага доир илмий ва амалий янгиликлар, жаҳон тиббиётида касалликларнинг олдини олиш ва даволаш билан боғлиқ замонавий амалиётлар, тиббиётга кириб келаётган техника ва технологиялардан хабардор бўлинади. Замонавий тиббий амалиётларни ўзлаштириш ва фаолиятда қўллаш орқали халқимизга кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини ошириб, ўлим ва ногиронлик кўрсаткичларини камайтиришга эришиш мумкин.

Демак, малака ошириш ва қайта тайёрлаш курсларидан ўтаётган шифокорларга таълим бериш ўта масъулиятли вазифа. Аввало, шу масъулиятни ҳис қила олган, унинг талабларига тўла-тўкис жавоб берган мутахассислар ушбу курсларда таълим бермоғи лозим. Шу боис, тиббиёт ходимлари малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш тизими муассасаларида профессор-ўқитувчилари таркибини аттестациядан ўтказиш, унинг натижасига кўра керакли билим ва амалий иш тажрибасига эга бўлган юқори малакали ташаббускор ходимлар билан тўлдирилишини таъминлаш кўзда тутилмоқда.

Бундан ташқари, профессор-ўқитувчилар хориждаги етакчи тиббиёт муассасаларида малака ошириши, хорижлик мутахассисларнинг мамлакатимизга келиб ўқув машғулотлари ўтказиши, ҳатто энг чекка туманларда фаолият юритаётган шифокорлар учун маҳорат дарслари ўтиш тизимини амалиётга татбиқ этиш белгиланди.

Яна бир муҳим жиҳат тиббиёт ходимлари малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш тизимидаги ўқув дастурлари билан боғлиқ. Дарҳақиқат, машғулотлар кўп ҳолларда замон талабларига жавоб бермайдиган дарсликлар билан ўтилаётгани эътирозларга сабаб бўлаётган эди. Қарор билан яқин ойларда тизимда таълим жараёнининг мазмун ва сифатига қўйилган талабларни, шунингдек, мутахассислар тайёрлашнинг ҳар бир йўналиши учун ўқув дастурларини қайта кўриб чиқиш белгиланди. Қолаверса, ҳар бир ҳудудга хос касалликларнинг учраши ва уларни келиб чиқишига сабаб бўлувчи омилларни ҳисобга олган ҳолда ўқув дастурларини ҳам ана шу талабдан келиб чиқиб шакллантирилишини белгиланиши тиббиёт ходимларининг малака ошириш тизимида муҳим босқич бўлиши табиий.

Замонавий тиббиётда ҳамширалик иши соҳанинг таянч устунига айланиб улгурди. Шу нуқтаи назардан, ҳужжатда 2017/2018 ўқув йилидан бошлаб Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида олий маълумотли тиббиёт ҳамширалари ва тиббиёт техникаси бўйича муҳандис-техник ходимлар малакасини ошириш ҳам кўрсатиб ўтилган. Илгари олий маълумотли ҳамширалар Республика ўрта тиббиёт ва доришунос ходимлар малакасини ошириш ва ихтисослаштиришдан ўтказиш марказида малака оширар эди. Аммо ушбу мезон ўзини оқламади. Яъни олий маълумотли ҳамширалар бугун юқори билим-савияга эга бўлиб, уларнинг малакасини шифокорлар даражасида юксалтириш зарур.

Тизимни модернизациялаш жараёни ҳам эътибордан четда қолмади. 2018 йил 1 январдан бошлаб Соғлиқни сақлаш вазирлиги муассасалари ва аҳолига тиббий хизматлар кўрсатувчи бошқа ташкилотларнинг тиббиёт ходимлари малакасини оширишнинг ягона электрон маълумотлар базаси жорий этилади. Ушбу базада малака ошириш тизимига доир барча маълумотлар битта жойда жамланади, унга мутахассислар, ўқув дастурлари, малака ошириш соатлари, малака оширган мутахассис ҳақида маълумотлар киритилади.

Қолаверса, эндиликда малака ошириш курсларига юборилган тингловчиларнинг бутун ўқиш даврида асосий иш жойидаги ўртача ойлик иш ҳақи сақланади. Бундан ташқари, асосий ишидан ажралган ҳолда бошқа худудлардан малака ошириш курсига юборилган тингловчиларга ўқиш жойига бир марта келиш ва кетиш ҳамда яшаш харажатлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда юборувчи томон ҳисобидан қопланиши кўзда тутилган.

Шунингдек, қарор билан тиббиёт ходимлари малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш тизимининг ташкилий тузилмаси, схемаси, Тошкент врачлар малакасини ошириш институти тузилмаси янги тартибда тасдиқланди.

Қисқача айтганда, Вазирлар Маҳкамасининг мазкур қарори тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш, уларнинг профессионал билимларини ҳамда замонавий тиббиёт техникаси ва ахборот технологиялари билан ишлаш борасидаги амалий кўникмаларини доимий равишда янгилаш, республика ва жаҳон тиббиёти соҳасидаги охирги ютуқлардан самарали фойдаланишни таъминлашга хизмат қилади.

Фурқат Санаев ёзиб олди.