19 апрелда Россиянинг Волгоград шаҳри яқинидаги экин майдонида Иккинчи жаҳон уруши вақтидаги снарядни топиб олган ўзбекистонлик қишлоқ хўжалиги ишчиси снаряднинг портлаши оқибатида ҳалок бўлди. Бу ҳақда Волгоград вилояти тергов бошқармасининг Городишенск тумани тергов бўлими бошлиғи Михаил Сверкунов маълум қилди. 

"1996 йилда туғилган ўзбекистонлик меҳнат муҳожири Городишенск туманидаги Карповка қишлоғида Иккинчи жаҳон уруши вақтига мансуб ўқ дорининг портлаши оқибатида ҳалок бўлди. Портловчи моддалар бўйича мутахассисларнинг дастлабки маълумотларига кўра, снаряд Германияда ишлаб чиқарилган бўлган. Ишчи снарядни далада топиб олган ва уни бўлаклашга қарор қилган. Бунинг оқибатида портлаш юз берган. Ишчи олинган жароҳатлардан ҳалок бўлган. Ушбу ҳолат юзасидан терговгача текширув бошланган, унинг натижасига кўра процессуал қарор қабул қилинади", деб маълум қилди Сверкунов.

Городишенск тумани Волгограддан ғарброқда жойлашган ва бу ҳудудда Иккинчи жаҳон уруши вақтида Сталинград учун қақшатқич жанглар кетган.