Абдулазиз Комилов ШҲТнинг Остонадаги йиғилишида иштирок этди

Ўзбекистон 21 Апрель 2017 3158
Фото: Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация 20-21 апрель кунлари Шангҳай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг Остона шаҳрида бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишида иштирок этди.

ТИВ сайти хабарига кўра, Қирғизистон, Қозоғистон, Россия, Тожикистон, Хитой ва Ўзбекистон ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари ШҲТ Бош котиби Рашид Алимов ҳамда ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитасининг директори Евгений Сисоев иштирокида 2016 йил 23-24 июнь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Давлат раҳбарлари кенгаши (ДРК) ва 2016 йил 2-3 ноябрь кунлари Бишкек шаҳрида ўтказилган Ҳукумат раҳбарлари кенгаши (Бош вазирлар) йиғилишларидан кейинги даврдаги ташкилот фаолиятининг ҳолати ва ривожланишини муҳокама қилишди. Шунингдек, кенг қамровли муносабатларни янада чуқурлаштириш ва такомиллаштириш, Остонада бўладиган ДРК йиғилишига тайёргарлик масалалари кўриб чиқилди.

Тошкент саммити қарорларини ижро этиш учун вазирлар томонидан ШҲТ ДРКга кўриб чиқиш учун Ҳиндистон ва Покистонни ШҲТга аъзоликка қабул қилиш жараёнининг якунланиши ва уларга ташкилотга аъзо давлат мақоми берилиши бўйича қарорлар лойиҳалари киритилди.

Йиғилишда ШҲТ Котибиятининг 2016 йилдаги ишлар бўйича ҳисоботи тасдиқланиб, ШҲТ МАТТ фаолияти ҳақида ахборот тингланди.

Вазирлар ташкилотнинг ҳозирги фаолиятига оид қатор масалалар бўйича ҳам қарорлар қабул қилдилар.

Кўпроқ янгиликлар