Эроннинг янги муддатга сайланиш учун номзодини илгари сурган собиқ президенти билан интервью ўтказилди.

19 май куни Эронда президентлик сайловлари бўлиб ўтади. Номзодлар орасида — собиқ президент Маҳмуд Аҳмадийнажод ҳам бор. 2009 йилда унинг иккинчи бор тўрт йиллик муддатга сайланиши мамлакатда 1979 йилдаги Ислом инқилобидан кейин энг йирик норозилик тўлқинини келтириб чиқарган эди, деб ёзади Euronews.

Жавод Мунтазирий, Euronews: - Мен ушбу саволдан бошламоқчиман: сиз президент бўлган даврдан буён Эронда қандай ўзгаришларни кузатмоқдасиз?

Маҳмуд Аҳмадийнажод, Эроннинг собиқ президенти: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Мен ушбу кўрсатувнинг барча шинавандалари ва томошабинларига, сизга ва сизнинг ҳамкасбларингизга салом йўллайман. Ўша вақтдаги ва ҳозиргиси ўртасига фарқ жуда катта. Дунё доимо ўзгаришда. Ҳеч бир инсоннинг ҳаётида иккита бир хил кун бўлмайди. Бу фикрни халқ, мамлакат ҳаётида ҳам қўллаш мумкин. Лекин биз иқтисодий ёки сиёсий томонлама кучлироқ мамлактага айландик, дея олмайман.

Ядро битими – 2015 ҳақида

Ж.М.: - Эроннинг президенти бўлиб турган вақтларингизда мамлакат тараққиётига халақит бераётган халқаро санкциялар муаммосига тўқнаш келган эдингиз. Кўпчилик ядро битими баъзи бир санкцияларнинг олиб ташланишига сабаб бўлганини айтмоқда. Муаммолар ҳал бўлмоқда. Сиз бу битимни қандай баҳолайсиз?

М.А.: - Бу Эрон ва бир неча мамлакат ўртасида тузилган юридик битим. Эронда у расмий органлар томонидан маъқулланган. Мамлакат раҳбари ушбу битимга содиқлигини тасдиқлаган. Ўз-ўзидан, бу юридик жиҳатдан қонуний ҳужжат. Бироқ ядро битими ғояси илгари сурилган кўплаб интервьюлар маълум бир истакларни шакллантирди. Битим шундай тақдим этилдики, гўёки у барча аҳамиятли муаммоларни ҳал қилади; худдики БМТнинг барча сакциялари, Эронга нисбатан қўлланилган бир томонлама санкциялар олиб ташланади; давлатлар ўртасида ҳамжиҳатлик қайта тикланиб, барча масалалар ечиладигандек эди. Менинг назаримча, эронликларга тақдим этилган ахборот ёлғон эди. Умидларимиз чиппакка чиқди. Янги санкциялар жорий этилди, эскиларидан айримлари эса қайтага узайтирилди. Битимда унинг бажарилиши юзасидан ҳеч қандай юридик назоратни назарда тутилмаган эди.

Жаҳоннинг исталган давлатида шундай даражадаги битим тузиладиган бўлса, одамларга фақат ҳаққоний ахборотлар тақдим этилиши керак. Уларнинг фикри инобатга олинмоғи керак. Чунки натижалар инсонларга ҳам дахлдор бўлади. Халқаро атом энергияси агентлиги (ХАЭА) га кўра Эрон ўз зиммасига олган мажбуриятларнинг барчасини бажарган. Бироқ битимнинг айрим аъзолари бу ишни ҳануз амалга оширишмаган. Менимча, улар ваъдасининг устидан чиқишлари керак.

 

Сиёсий иштирокка рағбати ҳақида

Ж.М.: - Сизни учинчи марта номзодингизни илгари суриш қарорингизга сабаб бўлган нарсалар ҳақида сўрамоқчиман. Бир муддат олдин Эрон раҳбари оятуллоҳ Али Хоминаий сизга сайловларда қатнашмасликни маслаҳат берган эди. Шундан сўнг сиз унга хат ёзиб, расман президентлик лавозими учун курашга киришмаслигингизни билдирган эдингиз. Нега кутилмаганда фикрингиз ўзгарди? Кўпчилик сизни шу йўл билан оятуллоҳ Хоминаига қарши чиқаяпти, деб ҳисобламоқда. Бунга нима дейсиз?

М.А.: - Ҳар қандай инсон жамоатчилик ҳаётида иштирок этиши керак. Биз кимгадир шунчаки «Қатнашма», дея олмаймиз. Эрон — эркин мамлакат, у ерда ҳар ким ўз ғоялари ва лойиҳалари билан сайловчилар раъйи учун курашишга ҳақли. Кимдаки ўзига нисбатан яхшироқ раҳбарлик қила олиши борасида ишончи, мамлакатни бошқариш режаси бўлса бир қадам олға ташлашга ҳуқуқи бор. Мен ҳам мустасно эмасман. Номзодларни рўйхатга олиш кунида айтиб ўтган эдим: бизнинг инқилобий етакчимиз менга буйруқ бергани йўқ, шунчаки маслаҳат берди, бу эса ҳеч қандай мажбурият юкламайди.

Бундан ташқари, вазият кескин ўзгариб кетди. Мамлакатда икки партиявийлик эмас, кўп партиявийлик тизими ҳукмрон бўлмоқчи. Нима бўлганда ҳам, қайдга олиш кунида мен дўстим ва оғам, жаноб Ҳамид Бақоий (Аҳмадийнажод вақтида вице-президент)ни қуллаб қувватлаш учун ўз номзодимни илгари сурдим.

Ж.М.: - Конституция соқчилари Кенгаши номзодингизни ўтказишади, деб ўйлайсизми?

М.А.: - Ўтказмаслик учун сабаб кўрмаяпман. Нега ўтказмасликлари керак?

 

Тарафдорлари ва рақиблари ҳақида

Ж.М.: - Мамлакат раҳбари 2009 йилги сайловларда сизнинг номзодингизни қўллаб-қувватлаган эди. Афтидан, бугунги кунда сиза бундай қўллов йўқ. Бунга нима дейсиз?

М.: - Ўшанда у бир мени эмас, бутун ҳукуматни қўллаб-қувватлаган эди. Ҳозирги ҳукуматга ҳам у ишонч билдирмоқда. Унинг қўлловисиз ҳукумат ядро битимини имзолаш ва ўз режаларини рўёбга чиқаришга ботина олмас эди.

Ж.М.: - Кейинги саволдим — 2009 йилги сайловлардаги рақибларингиз ҳақида. Орадан 8 йил ўтди, бироқ улар ҳанузгача қамоқхонада қолишмоқда. Бу борада нима дея оласиз?

М.А.: - Мен бу ҳақда гапириб бўлганман. Кимдир ҳибс остида ёки қамоқхонада бўлиши менга ёқмайди.

Ж.М.: - Сиз бор-йўғи шу жавоб билан кифояланмоқчимисиз?

М.А.: - Сиз мен нима деб ўйлашим ҳақингизда сўрадингиз ва мен бу менга ёқмайди, деб жавоб бераяпман. Фикрим шу.

 

Коррупция ишлари ҳақида

Ж.М.: - Оммавий ахборот воситалари ва сиёсий доираларда сиз сайловларда собиқ вице-президент Ҳамид Бақоийни қўллаб-қувватлаш мақсадида қатнашаётганингизни иддао қилишмоқда. Баъзиларнинг фикрича, сиз иқтисодий ва сиёсий коррупция ишлари кўриб чиқила бошланганида иммунитетга эга бўлиш учун сайловда қатнашмоқчисиз. Бундай танқидларга нима деб жавоб берасиз?

М.А.: - Менга қаранг, бир фикримни бутун дунё сиёсатдонларига етказиб қўймоқчиман. Сиёсат билан шуғулланишингиз учун сиз ростгўй, аҳлоқ ва инсонпарварлик қадриятларига таянишингиз лозим. Бошқа принциплар ва услублардан фойдаланиб, сиз ўз имижингизни барбод қилишингиз мумкин. Туҳмат, айбловлар ва миш-мишлар тарқатиш — буларнинг барчаси разилликдир. Мамлакат ичида қўпорувчилик фаолияти билан шуғулланувчи рақибларимиз бор. Уларнинг қўлидан бошқа иш ҳам келмайди. Улар олдин далиллар келтирилиши кераклигини инобатга олмасдан айблов илгари суришади. Аллоҳга шукр, бахтимизга ҳанузгача ҳеч ким далил топа олгани йўқ. Чунки бундай далилларнинг ўзи йўқ.

Жаноб Бақоийнинг ҳаёти ва таржимаи ҳоли синчиклаб ўрганиб чиқилган. Турли идоралардан тадқиқотчилар гуруҳи унинг шахсига оид маълумотларини ўрганишган. Бирорта ножўя нарса топилмаган. Бироқ ёлғон ахборотни кўпайтириб, жамоатчиликка уни ҳақиқат сифатида тақдим этаётганлар ҳам бор.

Бизга нисбатан бирорта жиноий иш қўзғатилмаган. Гарчи исташса, буни ташкиллаштириш унчалик қийин иш эмас. Шунчаки даъво аризаси киритиб, қайд рақамини олишса бас. Шу ондаёқ суд муҳокамаси бошланади.

Нималарнидир таъкидлаб юрганлар, на менга, на Ҳамид Бақоийга, на бизнинг дўстларимизгна нисбатан бирор нарса исботлашди. Улар ҳеч қачон буни уддалаша олишмайди ҳам.

 

Сиёсий йўналишлари ҳақида

Ж.М.: - Илгари сиз ултра-консерваторлар, принципиалистлар сафида эдингиз, бироқ бугун...

М.А.: - Принципиалистлари ким энди?

Ж.М.: - Ўзини шунақа атаётган фракция...

М.А.: - Ҳеч ҳам. Принципиалистлар фракцияси мени қўллаб-қувватламайди. Мен турли сиёсий кучлар билан мулоқотга тайёр эдим. Бу очиқлигимни халқ яхши қабул қилади. Бироқ принципиалист бўлиш — бир қатор принциплар ва қадриятларга таяниш дегани. Бу ҳолда мен аниқ айта оламанки, мен инсонпарварлик принципига содиқман ва ундан сиёсий рақобат туфайли воз кечмоқчи эмасман. Бундан ташқари, мақсадим — инсонлар ҳаёти сифати, мамлакат ва жаҳондаги ҳолатни яхшилаш.

Ж.М. - Халқ орасидаги машҳурлигингизни қандай баҳолайсиз?

М.А.: - Одамлар билан муносабатларим жуда яхши. Бунга амин бўлиш учун юз қабингизга савол беришингиз кифоя. Агар сиз инсонларни яхши кўрсангиз, улар ҳам сизни яхши кўриб қолишади.

Ж.М.: - Агар сизнинг номзодингизни конституция соқчилари Кенгаши ўтказса, одамларнинг бунга муносабати қандай бўлади?

М.: - Аминманки, одамлар буни жуда яхши қабул қилишади.

 

Трампга мурожаати ҳақида

Ж.М.: - Дональд Трамп АҚШ президенти этиб сайлангач, сиз унга хат жўнатгансиз. Унда нима битилган эди ва хатингизга жавоб олдингизми?

М.А.: - Мистер Трамп баъзи баёнотлар билан чиқди, инсонларга турли нарсаларни ваъда қилди. Мен уларни эслатдим ва ваъдаларини бажариш бўйича маслаҳатлар бердим. Мен буни қалб амри билан амалга оширдим. Барчамиз бир-биримизга мажбуриятларимизни эслатиб туришимиз лозим. Бу менинг инсоний бурчим эди. Трамп уни қабул қиладими-йўқми, буни бажаришга мажбур эдим. Мен шунчаки қайси йўл тўғри, қайсиниси нотўғри эканлигини кўрсатдим.

Ж.М.: - У сизга жавоб бердими?

М.А.: - Мен ундан жавоб кутмаяпман. Оммавий дипломатия эксклюзив жавобни тақозо этмайди. Ғоя шундан иборат эдики, муайян бир кишига хат ёзиб, мен бутун инсониятга мурожаат қилдим.

 

Суриянинг келажаги ҳақида

Ж.М.: - Сурияга Америка ракета зарбаларини бергач, бу мамлакатда вазият қай тарафга қараб ривожланади?

М.А.: - Фикримча, мистер Трамп ўз халқига берган ваъдаларига вафо қилмасдан, уруш йўлини танлади. Аввал ҳам айтганман, яна такрорлайман: бу уруш Америка Қўшма Штатларининг бутун дунёдаги етакчилигига путур етказади. Бунга кўплаб сабаблар бор. Уларни тушунтириб беришим мумкин.

Эрон, АҚШ, Россия, Саудия Арабистон, Туркия — биз барчамиз Сурияда хавфсизлик, мулоқот ва тинчлик ўрнатилиши учун ҳаракат қилмоғимиз керак. Биз Сурия халқининг иродаси нечоғлик муҳим эканлигини тушунилишига ёрдам беришимиз лозим. Биз Сурия суверенитетини ҳурмат қилмоғимиз ва сурияликларнинг ўз йўлларини танлаб олишини ўзларига қўйиб беришимиз шарт. Мана шу танловни қабул қилишимиз лозим. Энг асосийси — Сурия халқи. Унинг манфаатларидан устун ҳеч нарса йўқ.

Ж.М.: - Сўнгги президентлик муддатингиз тугаганидан сўнг сиз бўш вақтингизни қандай ўтказаяпсиз?

М.А.: - Илм ўрганаяпман, университетда таълим беряпман. Кўплаб илмий ишларим шу билан боғлиқ. Ўзим ишлаб чиққан бир йўналиш, шунингдек сиёсат, иқтисодиёт ва халқаро муносабатлар доирасида тадқиқот олиб бормоқдаман. Вақтимнинг катта қисмини оддий одамлар, давлат ва жаҳон тан олган арбоблар билан учрашувларга ажратаман. Спортни, саёҳатни, шунчаки вақтни яхши ўтказишни хуш кўраман.