Дунёдаги энг оғир аёл деб ҳисоблаб келинган мисрлик Имон Аҳмад Абдулатий ўз вазнининг деярли ярмини ташлай олди ва узоқ йиллардан бери илк марта ўтира олди. Аёлнинг вазн ташлагандан кейинги кўриниши видеосини The Daily Mail нашри намойиш қилди.

"У бахтлироқ ва қоматлироқ кўринмоқда. У ниҳоят ногиронлар аравачасига ўтира олди ва ўзгаларнинг ёрдамисиз ўтиришни ўрганди. Ваҳоланки, 3 ой аввал бу ҳақда орзу ҳам қилиб бўлмасди", деб айтдилар аёлни даволаётган шифокорлар.  

Аёл Мисрдан Ҳиндистондаги шифохонага олиб келинганда вазни ярим тоннадан оғирроқ келган. 36 ёшли аёл ҳозир 245 килограммдан кўпроқ вазн ташлади ва озишда давом этмоқда.

Аёл ортиқча вазнни жиддий касалликлар сабабли орттириб олган. У болалигидан фил касаллиги ва безларнинг яхши ишламаслигидан азият чекиб келган. Бундан ташқари, у инсультни бошдан кечирган ва 25 ёшида ётиб қолган.  

2017 йил февралда аёлга мумбайлик шифокор Муффазал Лакдавала ёрдам беришга тайёрлигини билдирган. Имон Мумбайга махсус жиҳозланган самолётда келтирилган. Март ойида унда ошқозонни дастлабки ўлчамидан 15 фоизга кичрайтириш бўйича операция ўтказилган ва бир қисм ёғ олиб ташланган.