"Барселона" ва Бразилия терма жамоаси ҳужумчиси Неймар АҚШнинг Time нашри талқинига кўра, 2017 йил дунёнинг энг нуфузли кишилари юзталигига кирди.

Нашр таҳририяти рўйхатдаги одамларни 5 тоифага ажратди: "Титанлар", "Новаторлар", "Санъат арбоблари", "Етакчилар" ва "Кумирлар". 25 ёшли бразилиялик футболчи "Кумирлар" тоифасидан ўрин олди. Таъкидлаш жоизки, бу тоифага яна бир неча спортчилар киритилди. Неймар бу рўйхатдан ўрин олган ягона футболчи бўлди.

"Лионель Месси ва Криштиану Роналду янги рақибга эга бўлишди. Неймар ўз юришини қилишга тайёр", деб ёзди "Реал"нинг собиқ ярим ҳимоячиси Дэвид Бекхэм Неймарга берган қисқача тавсифда. Бекхэмдан буни қилишни нашр журналистлари илтимос қилишган.