Нигерияда «Манчестер Юнайтед» мухлислари севимли жамоаларининг Европа лигаси чоракфиналида «Андерлехт»га қарши жавоб ўйинини томоша қилиш учун тўпланган футбол маркази томига электр кабели тушиши оқибатида 30 киши ток уришдан ҳалок бўлди. Бу ҳақда Mirror нашри хабар бермоқда

Нашр маълумотларига кўра, 28 киши воқеа жойида, 2 киши эса шифохонада ҳалок бўлган. Дастлаб 7 киши ҳалок бўлгани ва 10 киши жароҳат олгани маълум қилинган.

Фожиа Калабар шаҳрида юз берган. Гувоҳларнинг айтишича, улар трансформаторда чақнаш кўришган, шундан кейин юқори кучланишдаги кабель клуб томига тушган. 

Маҳаллий ҳукумат бўлиб ўтган воқеани «даҳшатли фожиа» деб атаган ва юқори кучланиш линияси остидаги иншоот ноқонуний қурилганини айтган. 

Фожиа муносабати билан «Манчестер Юнайтед» ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганларнинг яқинларига ҳамдардлик билдирди. «Бизнинг барча ўйларимиз «Юнайтед» фанатлари, уларнинг дўстлари ва оилалари билан», деб айтилган клубнинг твиттердаги саҳифасида.