Олмазорда кўп қаватли уйлар қурилиб, янги истироҳат боғи барпо этилади

Ўзбекистон 21 Апрель 2017 13870

Олмазор тумани ҳудудида 7 қаватли уйлар 12та турар жой бинолари ҳамда янги истироҳат боғи барпо этилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёевнинг туманга ташрифи давомида маълум қилинган.

«Давлат раҳбари шу йил 3 февраль куни Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ва йирик лойиҳалар билан танишиш чоғида аҳолининг эҳтиёжи, талабидан келиб чиқиб, пойтахтнинг барча туманларида кўп қаватли замонавий арзон уйлар қуриш режалаштирилаётганини айтган эди. Президентнинг 2017 йил 13 мартдаги 2017-2021 йилларда Тошкент шаҳрида кўп қаватли арзон уйларни қуриш миқёсини кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарори бу борадаги ишларни тизимли йўлга қўйишда дастуриламал бўлмоқда. 

Мазкур ҳужжатга мувофиқ Кичик ҳалқа йўли ва Қорасарой кўчалари оралиғида 7 қаватли 12 турар-жой барпо этиш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилди. 800 хонадонга мўлжалланган ушбу уйлар эҳтиёжманд оилаларнинг яшаш шароитини яхшилаш, уларни арзон, замонавий уй билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этади», дейилган ЎзА хабарида. 

Президент мазкур уйларда яшовчи оилалар рўйхатини шакллантириб, сўнг қурилишни бошлаш кераклигини таъкидлади. Бунда Эски шаҳарда яшовчи уй-жойга муҳтож оилаларни ҳисобга олиш, уйлар тақсимотида адолат мезонларига қатъий риоя этилиши зарурлиги қайд этилди. 

Уйларни қуриш учун 5 гектардан зиёд ер ажратилади. Турар жойларни лойиҳалаштиришда маҳаллий иқлим шароити, санитария ва хавфсизлик талаблари ҳамда халқимизнинг миллий ҳаёт тарзига хос бошқа жиҳатлар ҳисобга олинган. 

Давлат раҳбари Қичқириқ канали бўйида бунёд этиладиган янги маданият ва истироҳат боғи лойиҳаси билан ҳам танишди. 

Мазкур боғни туман аҳолиси фарзандлари билан сайр қиладиган, ҳордиқ чиқарадиган масканга айлантириш, бунда Тошкентнинг қадимий анъаналарини ҳисобга олиш зарурлиги алоҳида таъкидланди. 

Кўпроқ янгиликлар