Бугун, 21 апрель куни Халқаро ҳаваскор боксчилар уюшмаси – AIBA томонидан ўтказилаётган The World Series Boxing (WSB) - Бутунжаҳон бокс сериялари VII мавсумида иштирок этаётган Uzbek Tigers боксчилари С гуруҳидаги сўнгги учрашувини Patriot boxing team жамоасига қарши ўтказади.

Россиянинг Пермь шаҳрида ташкил этиладиган баҳсларда ҳар икки жамоа ҳам асосан истеъдодли ёш боксчиларни синовдан ўтказишга қарор қилган. 

Patriot boxing team - Uzbek Tigers учрашувида рингга чиқадиган боксчилар орасида энг тажрибалиси 81 килограмм вазн тоифасида мезбонлар вакили Павел Силягин ҳисобланади. Бу боксчи 2 йил давомида WSB турнирида мағлубиятсиз иштирок этган ва кетма-кет 7 жангда зафар қучган. Бироқ, Павел жорий мавсумдаги илк жангида қозоғистонлик Арман Рисбекка ютқазиб қўйди.

Павел Силягинга қарши рингга чиқадиган Ўзбекистон вакили Мадиёр Саидраҳимов нуфузли турнирдаги дебютини нишонлайди.

Sport.uz нашри баҳолашича, ўзбекистонлик боксчилар орасида ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпиони Мирзобек Ҳасановнинг имкониятлари юқори саналмоқда. Бу боксчи ўтган йили Uzbek Tigers сафида 3та жанг ўтказиб, икки кучли рақибини мағлуб этган ва битта жангда ютқазган.

Мирзобекнинг рақиби Артём Сусленков эса турнирдаги биринчи жангини ўтказади.

Умуман олганда эса, Uzbek Tigers аъзоларидан Мирзобек Ҳасановдан ташқари Аброржон Қодиров WSB турнирида иштирок этиш тажрибасига эга. Таркибдан ўрин олган уч боксчи - Улуғбек Дўсмуродов, Мадиёр Саидраҳимов ва Одилжон Аслонов дебют жангини ўтказади.

Patriot boxing team вакиллари орасида фақатгина Артём Сусленков "янги" боксчи ҳисобланади. Қолган боксчилар - Вячеслав Ташкараков, Константин Богомазов, Артём Зайцев, Павел Силягин ўз жамоаси таркибидаги учрашувларда зафар қучган.

Uzbek Tigers’нинг россияликлар вакилларига қарши рингга чиқадиган боксчилари:

-52 kg: Аброр Қодиров — Вячеслав Ташкараков
-60 kg: Улуғбек Дўстмуродов — Константин Богомазов
-69 kg: Одил Асланов — Артём Зайцев
-81 kg: Мадиёр Саидраҳимов — Павел Силягин
+91 kg: Мирзобек Ҳасанов — Артём Сусленков