Тошкент шаҳрида 21 апрель куни “Ҳаракатлар сарҳисоби: 2017 йил 1-чорак якунлари” мавзуида анжуман бўлиб ўтди. Унда республиканинг турли ташкилот раҳбарлари ва ОАВ ходимлари иштирок этди. Бу ҳақда Кун.uz мухбири хабар бермоқда. 

Мазкур анжуманда Ўзбекистон бўйлаб турли масалалар юзасидан саволлар берилди. Уларга тегишли идоралар раҳбарлари атрофлича жавоб беришди. Жумладан, соғлиқни сақлаш тизими бўйича берилган саволлар Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхоновага йўлланди.

- Ўзбекистон Президенти қисқа вақт ичида Соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштиришни назарда тутувчи бир неча қарор ва фармонларни имзолади. Бу соҳада ўзгаришларни кузатиб борадиган мониторинг тизими йўлга қўйилганми, деган саволга Э.Боситхонова қуйидаги тартибда жавоб қайтарди:

“Бугунги кунда мазкур соҳада турли ишлар амалга ошириляпти. Уларнинг ижросини назорат қилиш ишлари ҳам йўлга қўйилган”.

Э.Боситхонова, шунингдек, шошилинч тез тиббий ёрдам хизмати ва дори воситаларининг нархига ҳам тўхталиб ўтди.

“Ўтган йилнинг 1-чорагида оналар ўлими 48 тани ташкил этган бўлса, бу йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 27тани кўрсатмоқда. Бу тиббиёт ходимлари ўз ишларига масъулият билан қарашаётганидан далолатдир. 

Дори-дармон воситаларининг нархи бўйича масалалар янгидан кўриб чиқилмоқда ва мавжуд муаммолар бартараф этилмоқда. Ўзбекистон бўйлаб 555та шошилинч тиббий ёрдам машинасини ўз манзилига етказиш жараёни кетмоқда. “Дамас” русумидан ташқари махсус машиналарнинг 231тасидан 91таси жойларга етказиб берилди. Бу ишларга 6 млн АҚШ долларидан ошиқ маблағ сарфланди. Шошилинч тиббий ёрдам ишларини янада такомиллаштириш мақсадида ходимларнинг рация орқали ўзаро боғланишлари йўлга қўйилади. Бу борада ходимларнинг билим ва кўникмаларини ошириш ишлари олиб борилмоқда”, деди у.